Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 7 апрель куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президент сўзининг аввалида вилоят аҳли юксак ватанпарварлик руҳи билан меҳнат қилиб, катта натижаларга эришаётганини таъкидлади.
Сўнгги олти йилда вилоятга 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 6 минг 640 та янги корхона ишга туширилган. Бу орқали 55 мингта доимий иш ўрни яратилган, 17 мингта оила камбағалликдан чиқарилган.
Сирдарёда ҳам тадбиркорлар кўпайди. Илгари бўлмаган қурилиш материаллари, фармацевтика, чарм ва озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди. Хусусан, қурилиш материалларида 274 та лойиҳа амалга оширилиб, бу тармоқ янги драйверга айланди. Вилоят саноатида мазкур соҳанинг улуши 7 фоиздан ошди.
Вилоят полиз маҳсулотлари етиштириш ва экспорти бўйича ҳам республикада биринчи ўринда туради. Сирдарёда мамлакатимиз электр энергиясининг учдан бир қисми, чарм маҳсулотларининг 16 фоизи ва фармацевтика маҳсулотларининг 10 фоизи ишлаб чиқарилади.
Ўтган йили октябрда Президент ташрифидан сўнг, Сирдарёни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича дастур қабул қилинган эди. Дастурдаги тадбирлар учун вилоятга қўшимча 2 триллион сўм ажратилди.
Жумладан, 20 минг аҳоли имтиёзли кредит билан таъминланди, 5 минг ишсиз ёшларга асбоб-ускуналар учун грантлар ажратилди. Шунингдек, 2 мингдан зиёд янги ҳунарманд фаолияти йўлга қўйилди, 12 мингдан зиёд ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди. Аҳоли деҳқончилиги учун қўшимча 5 минг гектар ер тарқатилиб, 10 минг аҳоли даромадли иш билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбари эришилган натижалар энди тарих экани, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида имкониятлар ҳали кўплигини таъкидлади.
Жумладан, Сирдарёнинг ер, сув ва табиат ресурслари бой. Аҳоли жон бошига экин майдонлари бошқа ҳудудларга нисбатан 2-3 баравар кўп. Вилоятда қишлоқ хўжалигини сув билан таъминланганлик даражаси ҳам юқори. Бу соҳага илм ва инновация олиб кирилса, маҳсулот етиштириш ҳажми ва экспортини ошириш мумкин.
Сирдарё республикамиздаги энг катта истеъмол бозори – Тошкент шаҳрига яқин жойлашган. Шунингдек, у икки қўшни давлат – Қозоғистон ва Тожикистон билан қулай транспорт коридорига эга.
Давлатимиз раҳбари бу имкониятларни ишга солиб, Сирдарёни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Бу борада Хитой тажрибасига таяниш қўл келади. Чунки бу давлат мазкур соҳаларда катта ютуқларга эришган. Қолаверса, хитойлик инвесторларнинг ҳам вилоятга қизиқиши катта. Охирги олти йилда улар билан бирга, Ширин шаҳри, Мирзаобод ва Сирдарё туманларида 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари очилган. Вилоятга 2022 йилнинг ўзида 250 миллион доллардан зиёд Хитой инвестициялари жалб қилинган.
Йиғилишда Президентимиз Сирдарё аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган 5 та янги ташаббусни эълон қилди.
Биринчидан, илғор инновациялар ҳудудида био-фармацевтика, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электротехника, тиббиёт, таълим соҳаларининг 20 та йўналишидаги лойиҳаларига алоҳида имтиёзлар режими жорий қилинади. Унга кўра ер, мол-мулк, фойда ва айланма учун солиқлар ҳамда божхона божларидан 3 йилгача озод қилинади. Ер участкалари соддалашган тартибда ажратилади, ер ва биноларни сотиб олишда 5 йилгача бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Шунингдек, Сирдарёда 500 миллион долларлик инвестиция ҳисобига Ўзбекистон – Хитой биотехнологиялар кластери барпо этилади. Унда Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан бирга Гулистонда халқаро таълим ва тадқиқот университети, инновацион тиббиёт клиникаси, Марказий Осиё геном маркази, онкологик касалликларни даволаш учун Ҳужайра терапияси маркази ташкил қилинади. Шунингдек, кластер томонидан замонавий диагностика қурилмалари, инновацион вакциналар, пробиотиклар ва онкологик касалликлар учун дори воситалари ишлаб чиқарилади.
Бунинг учун 200 гектар ер ажратилиб, 10 минг талаба учун ўқув бинолари, замонавий кампус, лабораториялар, муҳандислар мактаби ташкил этилади.
Иккинчидан, вилоятнинг 11 та туман ва шаҳри Хитой модели асосида саноатга ихтисослашади, ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил қилинади. Уларда электротехника, био-фармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилади. Технопаркларга эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг соддалашган тизими жорий қилинади. 2023 йилда технопарк инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.
Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Сирдарёда “Ўзбекистон – Хитой инвестиция жамғармаси” ташкил этилади. Бу жамғарма Хитойнинг нуфузли Ипак йўли фонди ва бошқа молия ташкилотлари билан бирга ташкил қилинади. Жамғармага 1 миллиард доллар сармоя олиб келинади.
Учинчидан, Сирдарёда энг илғор агротехнологиялар жорий этилади. Хитойдан вилоят ҳокимига қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчилар бириктирилади, ирригация ва мелиорация тизимлари модернизациясига инвесторлар жалб қилинади.
Шунингдек, Хитой тажрибаси ёрдамида Сайхунободда қорамол ва паррандачилик эко-комплекслари, Мирзаободда интенсив анор, қовун, пекан ёнғоғи ва балиқчилик плантациялари ташкил қилинади. Ховосда ўсимликлардан табиий бўёқлар ишлаб чиқариш қуввати, мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технопарки ташкил этилади. Шўр ва сувсизликка чидамли экин турлари, чорвачилик наслларини яратиш бўйича Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Тўртинчидан, Сирдарё мамлакатимизни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантирилади. Бунинг учун, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда республиканинг шарқий ва марказий қисмларини ҳамда чет эл йўналишларига боғлайдиган янги транспорт маршрутлари ва мультимодал логистика маркази қурилади.
Булардан ташқари, йўлларни қуриш, таъмирлаш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ҳам Сирдарёдан бошланади.
Бешинчидан, тиббиётдаги ислоҳотлар натижаси ва соҳадаги имкониятларга таяниб, Гулистон шаҳри мамлакатимизнинг “инновацион медицина хаби”га айлантирилади.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига Акмалжон Маҳмудалиев номзодини тавсия этди.
А.Маҳмудалиев 1974 йилда туғилган. Кўп йиллар давлат идораларида ишлаб, катта тажриба орттирган. Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими, Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. У ўтган йил ноябрдан буён Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.
Номзод лавозимга тасдиқланишдан аввал унинг режалари эшитилди. Акмалжон Маҳмудалиев вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини маълум қилди.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Умуман олганда, Сирдарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 685 миллиард сўмга қўшимча 380 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга яна 110 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Саноат, аграр соҳа ва тадбиркорлик лойиҳаларига 1 миллиард доллар, инфратузилма барпо этишга 105 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Булардан ташқари, хорижий инвестициялар жалб қилиб, Сирдарё вилоятини инновацион ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди.
Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Акмалжон Маҳмудалиев Сирдарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳридаги “Омон мед фарм” корхонасида бўлди.
Бу ерда асосан маҳаллий доривор ўсимлик ва хомашёлардан йилига 2 миллион 400 минг қадоқ фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Корхонада тайёрланаётган антибиотик, таблетка, ампулали ва инфузион дори воситалари шифохоналар ҳамда дорихоналарга етказиб берилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларнинг бир қисмини қўшни мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Корхонада қарийб минг киши меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, келгуси режалари билан танишди.
Ушбу масъулияти чекланган жамият тиббиёт кластери шаклида ривожланмоқда. Унинг ҳузурида поликлиника, мактаб ва университет қурилмоқда.
Президентииз корхонада тайёрланаётган дори турларини кўпайтириш ва экспорт қилишга амалий кўмаклашиш бўйича топшириқлар берди.
Сирдарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.
Бугун Сирдарё фармацевтика саноати ривожланаётган ҳудудлар рейтингида етакчилардан бири ҳисобланади. 2022 йилда вилоятдаги 21 та фармацевтика корхонаси томонидан 393,8 миллиард сўмлик 317 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 3,3 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.
Шу ерда вилоятдаги 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар – Сирдарё туманидаги “Ривер Мед фарма”, “Евроазия газ бетон”, “Модерн Марбел”, “Пенг Шенг Чарм”, Сайхунобод туманидаги “Тошкент сити голд блок” ҳамда Янгиер шаҳридаги “Интер Трейдинг-груп” масъулияти чекланган жамиятларидир. Уларнинг раҳбарлари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.
Қайд этилганидек, “Ривер Мед фарма” корхонасида йилига 42 миллион дона инфузион дори маҳсулотлари тайёрланиб, 250 киши иш билан таъминланади.
“Евроазия газ бетон” қурилиш соҳасига ихтисослашган. У ерда Нидерландия технологияси асосида йилига 450 минг куб газобетон ишлаб чиқарилади, 100 та иш ўрни ташкил этилади.
“Модерн Марбел”да йилига 800 минг квадрат метр мармар кесимлари тайёрланади.
“Пенг Шенг Чарм” йилига 1500 квадрат метр табиий чарм ҳамда 468 тонна желатин ишлаб чиқариш қувватига эга. Уларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.
“Тошкент сити голд блок” ва “Интер Трейдинг-груп” лойиҳалари 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига амалга оширилган. Биринчисида йилига 300 минг метр куб газоблок ишлаб чиқарилса, иккинчи корхона 45 минг тонна ун тайёрлаш қувватига эга.
Умуман, мазкур корхоналарда 600 га яқин иш ўрни яратилади, уларнинг фаолияти туфайли вилоят ишлаб чиқаришига 37 миллиард сўм, экспортига қарийб 30 миллион доллар қўшилади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашди.
Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ёшларнинг ғурурини кўтарадиган кўп ишлар қилинмоқда. Масалан, Тошкентда Абдулла Қодирий, Нукусда Ибройим Юсупов, Қаршида Абдулла Орипов номидаги каби 9 та ижод мактаби ташкил этилди.
Сирдарё вилоятида ҳам ёшларга ибрат бўладиган атоқли инсонлар кўп. Улардан бири Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевадир. У нодир истеъдоди, бадиий теран ва фалсафий шеърлари, публицистик асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган.
Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида марҳум шоира номини абадийлаштириш, истеъдодли ёшларга шароит яратиш мақсадида ижод мактаби ташкил этиш таклифини билдирган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, ўша йили декабрда ушбу таълим маскани фойдаланишга топширилди.
Ташриф чоғида Президент мактабга кираверишдаги Ҳалима Худойбердиева ҳайкалига гул қўйди. Шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган мўъжаз музейни кўздан кечирди. Ўқувчилар Ҳалима Худойбердиева шеърларидан намуналар ўқиб берди.
Ижод мактабида умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиёт чуқур ўргатилади. Айни пайтда 7-11-синфларда 180 нафар иқтидорли йигит-қиз таълим олмоқда. Синфлар, компьютер хонаси, лаборатория, спорт зали ва ётоқхона замонавий жиҳозланган. Мактаб кутубхонасида 3 минг 500 дан зиёд бадиий адабиётлар жамланган.
Муаллим ва зиёлилар билан суҳбатда таълим сифати, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
– Биз биринчи кундан таълим сифатини яхшилашга, муаллимларнинг мақоми ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Бу ҳақдаги меъёрларни Конституцияга ҳам муҳрлаяпмиз. Кўряпсизлар, замон мураккаб бўлиб кетяпти. Қачон биз бу рақобатга муносиб бўламиз? Билимли бўлсак. Шунинг учун таълим мазмунини ислоҳ қилиб, ёшларга шароит яратяпмиз. Замонлар ўтади, муҳит ўзгаради. Бугунги пойдевор натижасини халқимиз албатта кўради. Ёшларимиздан яна кўплаб Бухорийлар, Берунийлар, Улуғбеклар чиқади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ижод мактабларини университетларга бириктириш, вилоятдаги мактаблар билан алоқасини кенгайтириш, истеъдодли ёшларнинг китобларини чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Шуҳрат СУЯРОВ,
ЎзА мухбирлари