Хабарингиз бор, куни кеча 2023 йил 6 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлаган эди.

Ялпи мажлис биринчи иш кунида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва  қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Нур-Султон, 2021 йил 6 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”,  “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлар ҳам маъқулланди.

Сенат ялпи мажлисининг иккинчи иш кунида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилади.

Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига парламент сўрови юборилишига оид масала ҳам муҳокама этилади.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижро этилиши юзасидан 2022 йил 7 октябрда қабул қилинган СҚ-638–IV-сонли қарори бажарилиши тўғрисидаги масала ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Бундан ташқари, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”,  “Маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига  қўшимча қулайликлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 332-1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонунлар кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритилади.

Н.Абдураимова,  

ЎзА