7 апрель куни Жаҳон саломатлик куни нишонланади. Шу муносабат билан Тожикистонда аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича республика бўйлаб тадбирлар ўтказилади, деб ёзмоқда «Ҳовар» агентлиги Тожикистон Республикаси соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга таяниб.
Эрталаб соат 08:00 дан то кечгача Душанбедаги “Истиқлол” соғлиқни сақлаш мажмуасида ўқитувчилар, профессорлар ва юқори малакали мутахассислар томонидан пойтахт аҳолисига бепул тиббий ёрдам кўрсатилади.
Худди шундай тиббий хизматлар вилоятлар, шаҳар ва туманларда ҳам кўрсатилади. Тиббиёт соҳасининг турли йўналишларида фаолият юритаётган юқори малакали мутахассислар аҳолига бепул маслаҳатлар беради, одамларни тиббий кўрикдан ўтказади ва ташхис қўяди.
Шу куни олий ва ўрта тиббий ўқув юртлари ўқитувчилари аҳолининг кенг қатлами билан суҳбатлар ўтказади.
Фуқаролар ўзи яшаб турган ҳудуд тиббий муассасаларига мурожаат қилиб бепул маслаҳатлар олади.