Мамлакатимиздаги 40 дан зиёд чет давлатларнинг Фавқулодда ва мухтор элчилари, шунинг билан бирга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ва бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари Оролбўйига ташриф буюрди.

Мўйноқ аэропортида меҳмонларни Қорақалпоғистон  Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар  Кенгаши Раиси Ф.Эрманов кутиб олди.

Ушбу ташрифдан  кўзланган мақсад, элчилар ва мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларига Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, Орол денгизининг суви қуриган тубида ҳамда Мўйноқ туманида олиб борилаётган лойиҳаларни, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, энг муҳими, бугунги кундан рози бўлиб яшашини таъминлаш бўйича ишларни чет элларнинг мамлакатимиздаги элчиларига, нуфузли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари раҳбарларига яқиндан таништириш ҳисобланади.

Делегация аъзолари Орол денгизи тарихи музейи, очиқ осмон остидаги кемалар мажмуида бўлди. Туман марказида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бу ерда бир вақтлар Ўзбекистоннинг балиқчилик саноатига ихтисослашган ягона порт шаҳри ҳисобланган Мўйноқнинг балиқчилик саноати, Орол денгизи билан боғлиқ эсдаликлар, фуқароларнинг яшаш тарзини ифодаловчи картиналар ва бошқа тарихий экспонатлар билан яқиндан танишди.

– Президент Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан экологик оғир ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш соҳасида таҳсинга лойиқ ишлар олиб борилган, – дейди Мисрнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахми хоним.– Буни кўриб, ўзимиз ҳам гувоҳи бўлдик. Оролбўйининг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Мўйноқ туманидаги чиройли бинолар, равон йўллар, замонавий аэропорт ва бошқа ижтимоий объектлар, спорт майдончалари билан танишдик. Бу ишлар билан танишганимдан мамнунман.

Президентимизнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Орол денгизининг қуриган майдонларида «яшил қопламалар»  – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, зарарли туз ва чангларнинг Орол денгизи тубидан кўтарилишининг олдини олиш мақсадида бир қатор топшириқлар белгилаб берилган бўлиб, ишлар оммавий бошланган эди. Ушбу амалий ишларнинг самараси ўлароқ, 2018-2022 йилларда жами 1 миллион 720 минг гектар майдонга чўл ўсимликлари экилди.

Меҳмонлар Орол денгизининг қуриган тубида яшил ҳудудларни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни, шу жумладан, саксовул ва  бошқа чўлга чидамли ўсимликларнинг кўчатларини  ва уруғларини экиш жараёнини кўздан кечиришди. Бу ишлар қизғин давом этмоқда. Чўлга чидамли ўсимликларнинг кўчатларини экиш ишларига қишлоқ хўжалиги техникалари, авиация хизмати, шунинг билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар ва Табиат ресурслари вазирликларининг мутахассислари жалб этилган.

Шундан  сўнг, меҳмонлар  Орол  денгизининг  қуриган  тубидаги 67-километр масофада жойлашган майдонда барпо этилган яшил ўрмонзорлар билан танишди. Дастлабки экилган кўчатлар аллақачон бўй кўтарган. Булар денгизнинг қуриган тубидан атмосферага кўтарилаётган тузларни ва чанг-тўзонларни  тўсишга  хизмат қилмоқда.

– Биз Президент  Шавкат  Мирзиёевнинг  ташаббуси  билан атроф-муҳитни яхшилаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак баҳолаймиз,–дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ашина Халакдина хоним. – Амалга оширилаётган эзгу чоралар инсонларнинг ҳаёт тарзи билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис ҳам бу муҳим ҳисобланади.

Қорақалпоғистон  Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол фожиасини бартараф этиш бўйича олиб  борилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди. Шунингдек, мутахассислар томонидан амалга оширилган лойиҳалар ҳамда келгусидаги режалар юзасидан тақдимот бўлди.

Меҳмонларга Нукус шаҳрида санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди. Улар сумалак сайлида иштирок этди.

Элчилар ва мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ишлари билан танишиши 5 апрел куни ҳам давом этди. Улар Нукус шаҳридаги “Алтин жағис” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишлар билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида яқинда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлган эди. 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, унда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, маҳалла биноси, болалар майдончалари, тиббиёт пункти, тадбиркорликка кўмаклашувчи марказ, савдо шохобчаси фойдаланишга топширилган бўлса, замонавий спорт мажмуаси қуриб битказилмоқда. Маҳаллада амалга оширилган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, меҳмонлар Нукус шаҳридаги перинатал маркази, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳам бўлди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов,  Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Б.Саидов иштирок этди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири