Президентимизнинг тарихий қарори адабиётимизни, маънавиятимизни юксалтиришда янги даврни бошлаб берди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 апрелда “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида тадбир бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди ҳамда унда белгиланган вазифалар юзасидан батафсил шарҳ берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори адабиёт, санъат ва маданият ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган асосий вазифалар, жумладан, “Давлат – маънавиятнинг бош ҳомийси”, деган устувор тамойил ҳаётга изчил жорий қилинмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 3 августдаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида илгари сурилган вазифалар ижроси юзасидан муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, улкан ишлар амалга оширилаётир. Айниқса, Президентимизнинг юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “Дўстлар клублари”ни ташкил этиш, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириш, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш ташаббуси бугун ўз самарасини бераётир.

3.jpg

7.jpg
Миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйи ва поликлиникаси тубдан реконструкция қилинди. Уюшма қошида “Ижод” жамоат фонди тузилди. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони барпо этилди, Ёзувчилар уюшмаси учун янги бино қурилиб, ҳудудларда улуғ адибларимиз номи билан аталган ижод мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари бунёд қилинмоқда. Атоқли адибларнинг юбилей саналари кенг нишонланмоқда, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ижодий анжуманлар ўтказилмоқда. Ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилмоқда. Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Қардош халқларнинг буюк адиблари ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, таваллуд кунларини нишонлаш бўйича муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши халқларимиз ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давомидир.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, Ўзбекистон халқ шоири М.Тоир, ёш ижодкорлар Н.Жўраев, М.Аббосова ва бошқалар маънавиятга юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлган мазкур тарихий қарор адабиётимиз ривожи йўлида янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлади.

Қарорда қайд этилганидек, ўзбек адабиётининг бугунги тараққиётида 80 йилдан зиёд тарихга эга, мамлакатимиздаги нуфузли ижодий ташкилотлардан бири бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг муносиб ўрни бор. Айни вақтда таъкидлаш жоизки, Ёзувчилар уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари, унинг Низоми ва таркибий тузилмаси бугунги давр талабларига тўла жавоб бермаяпти. Бозор иқтисодиёти ва глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган машаққатли ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни тизимли асосда тарбиялаш ва бошқа ўта муҳим йўналишларда оқсоқликка йўл қўйилмоқда.

Йигирма тўрт банддан иборат ушбу тарихий ҳужжатда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг иш самарадорлигини янада ошириш, уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш, уларнинг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уюшманинг обрў-эътибори ва юксак мақомини муносиб сақлаш, унинг сифат таркибини яхшилаш мақсадида ташкилотга аъзоликка қабул қилиш бўйича замонавий ва таъсирчан мезонларни белгилаш, ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш, ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш каби ўта муҳим ва долзарб вазифалар белгиланган.

– Мамлакатимизда сўнгги йилларда рўй бераётган улкан ўзгаришлар биз, ижодкорларни тўлқинлантириб юборяпти. Президентимиз фаолиятида халқнинг кўнглига йўл топиш, одамларнинг дардини эшитиш, муаммоларини бартараф этиш билан бирга маънавиятга, адабиётга, санъатга катта эътибор яққол кўзга ташланаётганига гувоҳ бўляпмиз, – дейди “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ. – Булар бир-бирига узвий боғлиқ эканини таъкидлашни истардим. Чунки адабиёт халқнинг кўнглини ўрганади, одамларнинг қалбини ёрқин бўёқларда етказишга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори адабиётга эътиборнинг энг юксак намунаси бўлди. Қарорнинг ҳар бир бандида адабиёт оламининг ҳар бир жиҳатига чуқур кириб борилган. Айниқса, адабий нашрлар таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар билан етакчи корхоналар ўртасида “Дўстлар клублари”ни тузиш вазифалари белгилаб қўйилгани адабиёт нашрлари ходимларини ниҳоятда хурсанд қилиб юборди. Бугун қалб қувончга, шукуҳга тўлган кун. Бу бизга катта илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

13.jpg

18.jpg
– Бугун ижод аҳлининг юрагида ғурур-ифтихор, хурсандчилик туйғулари жўш уриб турибди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳаётхон Ортиқбоева. – Президентимизнинг адабиётимиз ривожи йўлидаги муҳим қарори Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига янги руҳ, янги ҳаёт бағишлади. Ҳужжат мазмун-моҳиятига чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, унинг замирида ижодкорларга юксак эътибор ва эҳтиром, халқнинг маънавиятини янада юксалтириш мақсади мужассам эканини кўриш мумкин. Бу қарор бизни янада кўпроқ ижод қилишга ундаш билан бирга, ёш иқтидор эгаларини, адабиётимизнинг янги авлодини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

– Ушбу тарихий ҳужжат ҳар бир ижодкорни ўз ишига янада масъулият билан ёндашишга ундайди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Фахриддин Ҳайит. – Президентимиз биз, ижодкорларга шундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган экан, бу эътиборга ўз асарларимиз билан муносиб жавоб беришни бурчимиз, деб биламиз.

Шу куни “Дўрмон” ижод уйида ижодкорлар учун байрам тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги аъзоларига аъзолик гувоҳномаси топширилди.

– Бугун адабиёт аҳли учун катта байрам. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан адабиётимизни, маънавиятимизни юксалтириш йўлидаги муҳим ҳужжат имзолангани барчамизни қувонтириб юборди, – дейди уюшма аъзоси, ёзувчи Нурилла Чори. – Айниқса, мен учун бугун икки карра хурсандчилик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги таваллуд куни, дея эътироф этилаётган санада уюшма аъзолигига қабул қилинганимдан, устозларимиз мени ўзларининг сафига муносиб кўрганидан бахтиёрман. Бу янада тинмай изланишга, адабиётимизга муносиб ҳисса қўшиш масъулияти билан яшашга ундайди.

Тадбирда санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди, ижодкорлар учун байрам дастурхони ёзилди.

 

Байрам Айтмуродов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА