Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда фахрийлар, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ҳарбий қисм аскарлари, курсантлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

– Мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз қудрати юксалиб, ёшларнинг ҳақиқий ҳаёт мактабига айланиб улгурди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи директори М.Нуриддинов. – Бугунги тадбирни ўтказишдан мақсад ҳам ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, буюк аждодларимиздан ифтихор туйғусини юксалтириш, уларга муносиб авлод бўлишга ундашдир.

Тадбирда Мудофаа вазирлиги ҳузурида янги ташкил этилган “Турон” театр студияси актёрлари Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Тўмарис, Мирзо Улуғбек, Бибихоним сингари аждодларимиз сиймосини акс эттириб, монологлар ўқишди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари ватанпарварлик мавзуида куй-қўшиқлар ижро этди.

Иштирокчилар музей экспонатлари билан танишди. Бу ерда Амир Темур ва темурийлар давридаги ҳарбий сиёсатни акс эттирган кўргазма, видеолавҳа барчада катта таассурот қолдирди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА