Нукус шаҳридаги И.Юсупов номидаги ижод мактабида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
“Инсон қадри улуғланган юрт” мавзусидаги тадбирда олимлар, таълим соҳасининг фидойилари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг магистранти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Еркинай Оринбаева, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори Қанатбай Исмаилов, Кегейли туманидаги ихтисослаштирилган мактаб директори Гулбаҳор Бекмуратова, таълим соҳаси фидойиси Равшан Халмуратовлар сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституцияда аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қадрланиши давлат томонидан кафолатланаётгани қайд этилди. “Давлат – жамият – инсон” деган ҳаётий принципнинг “Инсон – жамият – давлат” тамойилига айланиши бунинг яққол исботидир.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдуми мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тарихий аҳамиятга эга. Чунки, янгиланаётган Бош Қомусимиз шу юртда истиқомат қилувчи барча инсонга тегишлидир. Конституцияда инсон ҳуқуқлари борасидаги нормалар қарийб 3,5 бараварга кўпайиб, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, ҳар бир шахс ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги, ушбу ҳуқуқнинг чекланиши ва турар жойда тинтув ўтказишга фақат суд қарорига асосан йўл қўйилиши ҳақида жиноят процесида шахс дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамловчи нормалар киритилган.
–Янгиланаётган Конституциянинг 53-моддасида “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади” дейилган, – дейди Кегейли туманидаги ихтисослаштирилган мактаб директори Гулбаҳор Бекмуратова. – Бу эса, келажакда санъат, маданият, илм ва техникага қизиқувчан ёшлар учун янада кенг имконият яратилишидан дарак беради. Шунинг учун ҳам мен таълим соҳаси вакиласи ҳамда она сифатида фарзандларимизнинг келажагига бефарақ бўлмаган ҳолда, барча ота-оналарни, педагогларни 30-апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақириб қоламан.
Тадбир таниқли санъат усталари, эстрада хонандалари ва иқтидорли ўқувчилар ижросидаги Ватанни, халқлар дўстлиги ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ҳамда саҳна кўринишлари билан давом этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА