Туркия Олий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган 14 май куни бўлиб ўтадиган президентликка номзодларнинг якуний рўйхати жума куни ҳукуматнинг “Resmi Gazete”сида эълон қилинди

Шундай қилиб, президентлик пойгасида тўрт нафар номзод иштирок этади. Булар – амалдаги давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған, бош мухолифатчи, Республика халқ партияси раиси Камол Қиличдорўғли, “Ватан” партияси раҳбари Муҳаррам Инже ва “Отатуркчилар иттифоқи”дан кўрсатилган номзод Синан Оган.

Рўйхат эълон қилинган кундан бошлаб мамлакатда президентликка номзодлар учун ташвиқот даври расман бошланади.

Биринчи турда ғалаба қозониши учун давлат раҳбари лавозимига номзод 50 фоиздан ортиқ овоз тўплаши керак. Акс ҳолда сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади, унда биринчи турда энг кўп қўллаб-қувватланган икки номзод иштирок этади.

Аввалги президентлик сайловлари 2018 йил 24 июнь куни бўлиб ўтган эди. Эрдоған 52,6 фоиз тўплаб, ғалаба қозонганди.

Туркияда президентлик сайловлари билан бир қаторда 14 май куни парламент сайловлари ҳам бўлиб ўтади.

 

ЎзA