БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бутун дунёда журналистларни ҳибсга олиш тенденцияси кучайиб бораётганидан хавотирда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” газетасининг мухбири Эван Гершковичнинг жосуслик иши бўйича Россияда ҳибсга олиниши ҳақидаги воқеани шарҳлар экан Бош котибнинг вакили Стефан Дюжаррик шундай баёнот берди.
“Гутерриш журналистнинг фақат ўз фаолияти билан боғлиқ тўсиқлар, ҳибсга олишлар ва ундан ҳам ёмонроқ ҳолатлар кучайиб бораётганидан хавотирини қайта-қайта билдириб келади”, деди Дюжаррик.
Федерал хавфсизлик хизматининг Жамоатчилик билан алоқалар маркази маълумотларига кўра, Гершкович “Америка томонининг кўрсатмасига асосан Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисидаги давлат сири билан боғлиқ маълумотларни тўплаган. Шу муносабат билан журналист Екатеринбургда қўлга олинган. Федерал хавфсизлик хизматининг Тергов департаменти унга нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Жосуслик) бўйича жиноий иш қўзғатди.
Россия Президетининг Матбуот котиби Дмитрий Песков америкалик журналистнинг жиноят устида қўлга туширилгани ҳақида баёнот берди.
Москванинг Лефортово суди Гершковичга нисбатан 29 майга қадар ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади.
Мазкур воқеа юзасидан Қўшма Штатлар маъмурияти АҚШ фуқароларини Россияга саёҳат қилишдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди.
Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россияда яшаётган америкалик фуқароларни зудлик билан уни тарк этишга ва у мамлакатга кетаётганларга эса режаларини ўзгартиришга чақирган эди.
Давлат департаментининг матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Патель АҚШнинг Москвадаги элчихонаси Гершковичнинг ҳибсга олиниши ҳақида расмий маълумот бериш учун сўров юборганини айтди.
“Бу ҳақда Россия икки томонлама консуллик келишувимиз бўйича ахборот тақдим этиши керак”, деб қўшимча қилди.
Пателнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳозирда америкалик журналист билан кўришиш учун консуллик рухсатини олиш учун тинимсиз иш олиб борилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова “Россия томони “The Wall Street Journal” нашри мухбири билан консуллик учрашуви таъминланди”, деб хабар берган эди.
Аброр ХОН, ЎзА