Ўзекистон Президенти фармони билан 1 апрелдан пенсия ва нафақалар миқдори 7%га, 1 майдан меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари 7% га оширилмоқда.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 майдан бошлаб 920 минг сўмдан 980 минг сўмга оширилади. Демак, бюджет ташкилотида ишловчи ходимлар ойликлари шунча фоизга ошади.

Шунингдек, 1 майдан базавий ҳисоблаш миқдори ҳам 300 минг сўмдан 330 минг сўмга ошади.

Бу дегани эса 1 майдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорига боғлиқ бўлиб келган тўловлар маъмурий жарималар, солиқлар, давлат божлари ва шу каби бошқа тўловлар ҳам ошади дегани.  Масалан, илгари энг кам базавий ҳисоблаш миқдори билан белгиланган жарима 300 минг сўм бўлган бўлса, 1 майдан 330 минг сўм бўлади.

Иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ошиши талабаларни ҳам қизиқтирмоқда ва уларда стипендиялар, шартнома пули миқдори ҳам ошадими, деган савол туғилмоқда.

Президент фармони билан фақат бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар ва нафақалар 7% га ошяпти.

Ҳуқуқшунослар одатда базавий контракт миқдорлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғлаб қўйилгани боис, талабаларнинг тўлов-контрактлари ҳам ошиши керак. Сабаби қоидаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ошганда контрактлар ҳам ошади, дейишмоқда.

Бироқ, Ковид пандемиясидан кейин бир неча йилдан буён меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори бир неча бор ошган бўлсада, контрактлар миқдори оширилмади.

Бу юзасидан янада аниқроқ маълумот олиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати билан боғландик. Вазирлик ахборот хизмати Президент фармонида стипендиялар ва контрактлар миқдорининг ошиши бўйича ҳеч нарса дейилмаганини билдирди.

Шу билан биргаликда ҳайдовчилар томонидан тўланиши мумкин бўлган жарималар миқдори ошмоқда.

Яъни, 1 майдан базавий ҳисоблаш миқдори 300 минг сўмдан 330 минг сўмга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 920 минг сўмдан 980 минг сўмга ошаётган бўлса, бу дегани БҲМга қараб тўланадиган жарималар, тўловлар миқдори ҳам ошади.

Жаримани 15 кун ичида тўлайдиганлар учун эса 50 фоизлик чегирма белгиланган.

М.Эшмирзаева, Н.Абдувоитов, ЎзА