Покистон Ислом Республикасининг инглиз тилидаги етакчи нашрлари – “Iqtida” газетаси, “Pakistan in the World” журнали, “The Gulf Observer” медиа-гуруҳи ҳамда “Youth Diplomacy Forum” ННТ веб-сайти саҳифаларида “Ўзбекистонда Референдум-2023: тадбирнинг стратегик аҳамияти” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Жанубий Осиё ва халқаро тадқиқотлар маркази ижрочи директори, МДҲ давлатлари ва Ўзбекистон бўйича эксперт Маҳмуд-ул Ҳасан Хон қаламига мансуб ушбу мақола ҳозирги пайт Марказий Осиё минтақаси қатъий ижтимоий-иқтисодий, геосиёсий ва геостратегик қайта тартибланишни, трансформация жараёнини бошидан кечирираётгани, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан мамлакатни янада сиёсий барқарорлаштириш ва демократлаштиришга қаратилган комплекс ислоҳотлар бошлаганига оид маълумотлар билан бошланади.

Сўнгра муаллиф 2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистонда сиёсий хилма-хиллик, маъмурий очиқлик, шаффофлик, эркин ва адолатли сайлов тамойили, адолат мезони асосида референдум ўтказилишига урғу берилган.

Мақолада сўнгги расмий маълумотга кўра, амалдаги Конституциянинг 65 фоизи ёки учдан икки қисмига ўзгариш киритилиши, референдум таклиф қилинаётган ўзгаришларни фуқаролар сиёсий ва сайлов ҳуқуқи таъминланиши орқали халқ тасдиғидан ўтказиш имконини бериши алоҳида таъкидланган.

– Ўзбекистон ўзига хос, аммо интеграциялашган, интерактив, мувофиқлаштирилган ва яхлит демократик тизимга эга республика бўлиб, халққа хизмат қилиш, одамлар манфаатини ҳимоялашни асосий вазифа этиб белгилаган, – деб ёзади муаллиф. – Мамлакатда сайловчиларнинг мутлақ эркинлиги таъминланган.

Нашр ўқувчилар эътиборини халқнинг сиёсий танлови ва демократик тамойил асосида конституциявий ислоҳот ўтказиш масаласини муҳокама қилиш учун Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси (парламент қуйи палатаси) депутатлари ҳамда Сенати (юқори палата) аъзолари, мамлакат Олий суди раҳбарияти билан учрашувлар ўтказганига ҳам қаратган.

Мақоланинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:

ЎзА