Хабар берганимиздек, шу кунларда Чирчиқ шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда. Мусобақанинг ортда қолган кунларида чемпионатнинг тантанали очилиш маросими ва бир қатор вазн тоифаларида беллашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этган Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов жорий йил оғир атлетикачиларимизни қитъа чемпионати ва Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати, «Париж-2024» Олимпиадасининг рейтинг мусобақалари кутиб турганини, муносиб натижаларга эришиш учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилганини таъкидлади.

Шиддатли баҳслар натижасида бир қатор вазнларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Нигора Абдуллаева (55), Адҳамжон Эргашев (67) каби терма жамоа аъзолари яна бир карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Бугун, 27 март куни эркаклар 73 килограммда, аёллар 59, 64, 71 килограмм оғирликдаги баҳсларда қатнашади.

Олимпия ўйинлари ғолиблари ва жаҳон чемпионлари Руслан Нурудинов ҳамда Акбар Жўраев мамлакат чемпионлиги учун курашга 30-31 март кунлари киришади. Руслан Нурудинов мусобақада 102 килограмм оғирликда иштирок этса, Акбар Жўраев +109 килода чемпионлик учун баҳс олиб боради.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА