Бугун, 27 март куни мамлакатимиз пойтахти Тошкентда шахмат бўйича мукофот жамғармаси 70 минг АҚШ долларидан иборат XVII жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов халқаро турнири бошланади.

Мазкур турнирда иштирок этиш учун 9 давлатнинг 20 нафарга яқин кучли шахматчилари Тошкентда жам бўлишди. Турнир 9 турдан иборат бўлиб, мусобақалар “Челленжер” ва “Мастерс” гуруҳларида ташкил этилади.

“Мастерс” гуруҳида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов сингари ёш ва истеъдодли гроссмейстерларимиз қатори жаҳон шахматида ўз ўрнига эга бўлган озарбайжонлик Шахрияр Мамедьяров, нидерландиялик Жорден ван Форест, эронлик Пархам Магсудлу қатнашаётганлиги, улар сафида номдор шахматчимиз Рустам Қосимжонов ҳам ғолиблик учун кураш олиб бориши халқаро турнирнинг не чоғли шиддатли ўтишини англатмоқда.

“Челленжер”гуруҳида эса юртимизнинг 5 нафар иқтидорли ёш шахматчиси ҳамда Германия, Хитой, Россия каби давлатларнинг яна 5 нафар шахматчиси қатнашади.

Мусобақалар 30 мартга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА