Осиё футбол конфедерацияси қўмиталарининг 2023-2027 йилларда фаолият юритувчи янги таркиби эълон қилинди.

Эътиборлиси, мазкур қўмиталарнинг бир қатор йўналишларида мамлакатимиз спорт ва футбол мутахассислари фаолият юритадиган бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати.

Эълон қилинган янги таркибга кўра, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов Осиё футбол конфедерацияси Юридик қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассисларидан Аваз Мақсумов миллий ассоциациялар, Жаҳонгир Усмонов футзал ва соҳил футболи, Бахтиёр Дадаматов техник, Азиза Татлимуратова аёллар футболи, Камолиддин Абдуллаев эса медиа ва коммуникациялар қўмитаси таркибидан ўрин эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Осиё футбол конфедерацияси ҳакамлар қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига сайланган эди.

Т.Рўзиев,  

ЎзА