Спорт

Улуғ мақсадларга пок ният, соф кўнгил, шахд-у шижоат билан эришилади, дейишади. Албатта шундай. Аммо, истаклар ижобати йўлида яна бир омил бор. У орзуларга қанот бағишлайди, ушалмаган, етиб бўлмайдиган чўққилар, маъволар шундоқ ёнингизда бўй кўрсатади, кафтингиздан дон терган кабутардек кўнглингизга ҳузур индиради. Бу, спорт майдонларида эришилаётган ғалабалар суруридир.

Ёш футболчиларимизнинг U-20 Осиё кубогида тарихий натижага эришганлиги, Ўзбекистон – Ироқ ўртасидаги финал баҳсини минглаб футбол мухлислари қатори давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бевосита “Бунёдкор” стадионида кузатиб борганлиги, ғолибликни футболчи ёшларимиз билан бақамти нишонлаганлиги барчамизга ғурур бағишлади.

Футболчиларимизнинг 20 ёшлилар ўртасида қитъа чемпиони бўлганлиги-ю, Тошкент ва Фарғона стадионларида ўтказилган шиддатли мусобақалар завқи, унинг ҳар бир учрашуви, терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаровнинг техник-тактик маҳорати, футболчиларимизнинг истеъдоди Наврўз шодиёналари ўтказилаётган гап-гаштакларнинг, сумалак сайлларининг, гурунгларнинг, оддий инсонлар ўртасидаги мулоқотларнинг асосий мавзусига айланди.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Яхши-ёмон гаплар одамлар орасида ҳамиша оралаб юради. Кимдир Россия – Украина теграсидаги воқеаларга ўзича қизиқиш билдирса, кимгадир кўпнинг ёдидан ҳам чиқиб кетган коронавирус балосининг асоратлари ҳали ҳам мавжудлиги, яна аллакимлар бозорлардаги ажиб ҳангомалар билан андармон бўлса, баъзилар турмушимизда юз бераётган олди-қочдилар билан вақтичоғлик қилади. Элчиликда, ҳамманинг қизиқиши, интилиши турфа. Бироқ, чемпионликка эришган ёш футболчиларимиз ўша турфа қарашларга эга бўлган одамларни бир мақсад – Ватан шаъни, унинг ифтихори учун бирлаштирувчи кучга айланганлиги баҳор эпкинларидек қалбимизга мунавварлик сингдирди.

Тарихларга татигулик бу ғалабали одим яна икки ойдан кейин Индонезияда ўтадиган Жаҳон чемпионатида ҳам бардавом бўлишини қалб-қўримиз билан истаб қоламизки, илло, Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси бўлган автомобиллар футболчиларимизга, уларнинг мураббийларига тантанали равишда топшириш маросимида ҳам ушбу орзу-умид бот-бот тилга олинди.

Тадбирда сўз олган расмийлар, футболчиларимиз, уларнинг ота-оналари ишончга муносиб бўлиш, эътироф ортидаги масъулият, ватан шаъни нечоғли муқаддас туйғу эканлиги, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, футболга берилаётган эътибор сабабли ютуқлар қўлга киритилаётганлигини билдиришди.

Давлатимиз раҳбари бевосита футбол баҳслари, иқтидорли ёшларимиз, жамиятимизда рўй бераётган ҳолатлар ҳақида сўз юритиб, “… ҳақиқий жанг майдони бўлди. Ёш-ёш болалардан, таниш-билиш бўлмаган, жайдари йигитлардан ташкил топган футбол жамоамиз агар адолат бўлса, коррупция бўлмаса нима бўлиши мумкинлигини майдонда кўрсатди”, дея таъкидлашда ҳам Янги Ўзбекистон ғояси, учинчи Ренессанс пойдевори нечоғли ҳаётий масала эканлигининг яна бир карра ёрқин ифодаси бўлди, дейиш мумкин.

Баъзида ижтимоий тармоқларда айрим кимсаларнинг спортчиларга, маданият жабҳасида тер тўкиб, эл-у юрт равнақи, халқнинг бир тан-у бир жон бўлиши йўлида фидойилик кўрсатаётганларга давлат даражасида эътибор қаратилса, рағбат кўрсатилса, қайсидир ёт қарашли инсонларнинг сўзларини келтириб, давлат илмга, фанга, яратувчанликка гўёки панжа ортидан қараяпти-ю, спорт, санъат жамиятда бирламчи ўринга чиқиб қолди, деган маънода айюҳаннос солишади. Шундай кезлари ўша тирноқ остидан кир ковлаб юргувчиларга “биродар сув устидаги мавжга қараб баҳо беришдан олдин сув тубидаги тиниқликка, оқим шиддатига ҳам бир разм солсангиз яхши бўларди” дегингиз келади.

Ёт ва ёв, бузғунчи ғоялар билан ақли тўйинган айримлар мамлакатимизда математика, кимё, биология, энергетика, архитектура, боғдорчилик, ҳунармандлик соҳасидаги юксалишлар, бунёдкорликлар, яратувчанликлар, кашфиётлар қилинаётганлиги, ёш-ёш олимлар, қурувчилар, интеллектуал ёшлар давлатимиз томонидан рағбатлантирилаётганлиги, уларнинг хорижий мамлакатларда таълим олишларига кўрсатилаётган қўллов ҳақида негадир мум тишлашади.

Ўтган бир йил мобайнида мамлакатимизнинг юзлаб изланувчан ёш олимлари Европа, Осиё, Америка қитъаларидаги қатор давлатларда малака ошириб келганликлари, бу борадаги ишлар ҳозирда ҳам тизимли тарзда давом этаётганлиги яқин беш йил оралиғида мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий, илмий тизимлари ўта малакали кадрлар билан таъминланишидан далолат эмасми? Албатта, юртимиз келажаги учун ўта муҳим бўлган ҳар жиҳатдан салоҳиятли кадрлар халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Эртага бу “олтин авлод” шижоати Янги Ўзбекистоннинг тараққиётини таъминлайдиган тизимларнинг локомотивига айланиши шубҳасиз.

Тарихлар оша исботланиб келинган шундай ҳақиқат бор. Маънавий ва руҳий қуввати кучли, миллий ғурури устувор, иродаси мустаҳкам инсонлар ҳамиша улуғ ишларга қодир бўлади. Бугун халқимиз ҳар жиҳатдан юксалишлар, янги марралар сари юзланаётганлиги жамиятимиздаги ўзгаришларда, спортчиларимиз эришаётган ғалабаларда акс этмоқда. Зотан, ҳар қандай ютуқ ва унинг эътирофи одамларни бирлаштирувчи жозибани қалбимизда жилолантирмоқда.

Терма жамоамизнинг U-20 Осиё кубогидаги ғалабаси ва жаҳон чемпионатида қатнашишга эришганлиги яқин келажакда Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон футболчилари иштирок этиши мумкинлигини англатмоқда. Бу, орзулар ҳақиқатга айланаётганлигидан, миллионлаб футбол мухлисларининг истаклари ижобат топаётганлигидандир. Илло, барчамизни жипслаштираётган ғалабалармиз, ҳамжиҳатлигимиз давомли бўлсин.

 

Тўлқин РЎЗИЕВ,

ЎзА