Адлия вазирлиги давлат хизматларини тақдим этиш жараёнида қулайликларни яратишда давом этмоқда.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси (права)ни 2010 йилгача олган шахслар уни 2023 йил 31 мартгача янгисига алмаштириши шарт.

Маълум бўлишича, 2010 йилгача берилган гувоҳномаларни янгисига алмаштириш лозим бўлганлар сони 200 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Шу сабабли аҳолига қулайлик яратиш мақсадида гувоҳнома алмаштириш жараёнлари дам олиш кунларида ҳам амалга оширилиши учун имконият яратилмоқда.

Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2023 йил 18-19-20 ҳамда 22 март кунлари соат 9:00дан кеч соат 18:00 гача ДХМ ҳамда ИИББ ЙҲХБ бўлимлари томонидан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш имкони яратилди.

Бунинг учун иш графиги меҳнат қонунчилиги доирасида қайта кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, эски намунадаги “права”ни янгисига алмаштириш учун нафақат ДХМга ёки ИИББ ЙҲХБга  мурожаат қилишингиз, балки уйдан туриб буюртма беришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2010 – 2012 йилларда берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари жорий йил 30 июнгача, 2013 – 2015 йилларда берилганлари 30 сентябргача, 2015 йилдан кейин берилганлари эса  31 декабргача алмаштирилиши керак.

 

ЎзA