Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан 171 та тумандаги 1 минг 191 та корхонанинг 85 турдаги маҳсулотларини дунёнинг 43 та мамлакатига экспорт қилинишида амалий ёрдам кўрсатилди. 1 минг 200 та корхонада халқаро сифат менежмент тизимлари жорий этилган ва сертификатлаштирилган.

Шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларининг GSP+ имтиёзлари доирасида тақдим этилган 6 минг 200 турдаги маҳсулотлар тармоқлар кесимида шакллантирилган ва таҳлил қилинган. 2022 йил давомида 427 та корхона томонидан 472 та маҳсулот GSP+ доирасида экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудлардаги жами GSP+ доирасида 536 та экспортёр корхона томонидан 569 турдаги маҳсулот Европа давлатларига экспорт қилинишига эришилди.

Жорий йилда Наманган вилоятидаги “Юксалиш” кичик саноат зонасида 5 та йўналишда янги лаборатория қуриш ишлари ўз ниҳоясига етказилмоқда. 2023 йил 2-чоракда бу жараён ўз ниҳоясига етказилади. Корея технология ва стандартлаштириш агентлигининг 2,3 миллион  доллар гранти асосида Ҳаво кондиционери маҳсулотининг энергия самарадорлигини баҳолаш бўйича лаборатория ташкил этиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилиб, амалий ишлар олиб борилади.

Европа Иттифоқининг умумий имтиёзлар тизими GSP+ доирасида экспорт қилинадиган маҳсулотлар сонини 600 тага етказиш чоралари кўрилади. Бунда GSP+ доирасида халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сони 2 баравар оширилиб, 1 минг 200 тадан 2  минг 400 тага етказиш чоралари кўрилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА