«Uzbekistan Airways» АЖ матбуот хизмати хабар беришича, 2023 йилнинг 26 мартидан бошлаб «Uzbekistan Airways» Тошкентдан Лондон, Франкфурт ва Рига шаҳарларига авиақатновлар сонини оширмоқда.
26 мартдан бошлаб «Тошкент –Лондон – Тошкент» йўналиши бўйича парвозлар сони ҳафтасига 2 мартадан 3 мартагача оширилади. Сешанба ва жума кунларидан ташқари, якшанба кунлари ҳам парвозлар бажарилади.
29 мартдан бошлаб эса «Тошкент – Франкфурт – Тошкент» йўналиши бўйича парвозлар сони ҳафтасига 3 мартадан 4 мартага кўпайтирилади. Бундан буён Франкфуртга тўғридан-тўғри авиақатновлар душанба, чоршанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Шунингдек, 29 мартдан «Тошкент – Рига – Тошкент» йўналиши бўйича парвозлар сони ҳафтасига 3 мартагача оширилмоқда. Йўловчилар тўғридан-тўғри авиаташувларда душанба, чоршанба ва жума кунлари саёҳат қилишлари мумкин.
Шу билан бирга, «Uzbekistan Airways» ёзги парвозлар жадвалига ўтиши муносабати билан 28 мартдан «Тошкент – Милан – Тошкент», 31 мартдан бошлаб эса «Тошкент – Париж – Тошкент» йўналишларида авиақатновларни йўлга қўяётганини маълум қилади.
ЎзА