Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш жараёнида давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормаларга урғу берилди.

Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда. Хусусан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда.

Муҳокамада давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш бўйича  мажбуриятни олаётгани ҳам ижтимоий давлатга хос эканлиги таъкидланди.

Ҳар бир инсон уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга экани, давлатнинг уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва уй-жойли бўлиш ҳуқуқини амалга ошириш учун шароитлар яратиш мажбурияти белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратиб берилгани, бу йил 90 минг ҳамда 2-3 йилда 200 минг оилани уй-жойли қилиш режалаштирилгани таъкидланди.

Ушбу конституциявий норма мазкур марраларга эришиш ва бу борадаги ишларни давом эттириш учун кафолат бўлиши қайд этилди.

Мажлисда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайгани таъкидланди. Хусусан, илк маротаба ҳар бир инсоннинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи ҳамда аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи Конституция даражасида эътироф этилаётир.

Давлат аҳолига бир қатор тиббий хизматларни бепул кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олмоқда.

Сенатор Орал Атаниязова бу меъёрлар халқимиз манфаатига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. 2023 йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олинади. Кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилади.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (фото), ЎзА