Давлатимиз қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни йўлга қўйгани нафақат қардош халқлар, балки минтақа манфаатига хизмат қилмоқда.

Сенаторлар бу масалага эътибор қаратиб, қўшниларимиз билан орамиздаги 25 йиллик «музни эритиш» осон бўлмагани, бу жуда катта сиёсий ирода бўлганига урғу берди.

Биргина қардош Қирғизистон билан 30 йиллик чегара муаммоси ечилгани ҳисобига 2 миллиондан зиёд водий аҳолиси ўз яқинлари ва қариндош-уруғлари билан эркин борди-келди қилиш имконига эга бўлди.

Сенатнинг ўттиз саккизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш жараёнида юқоридаги фикрлар эътироф этилди.

Конституцияда илк бор Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат эканлиги ўзгармас қоида сифатида мустаҳкамлангани қайд этилди.

Ушбу қатъий норма жонажон Ватанимиз мустақиллигини асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, «Инсон қадри учун» тамойилига асосланган ислоҳотларни жадал давом эттириш ҳамда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон халқаро муносабатларда аҳил қўшничилик ва стратегик ҳамкорликка содиқ қолишини қайд этди.

Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик принциплари билан бир қаторда давлатлар ҳудудий яхлитлиги принципининг ҳам эътироф этилиши юртимизнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган ғояларига содиқ ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини янада оширади.

ЎзА