Сенатда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш жараёнида лойиҳада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти сифатида муҳрлаб қўйилгани қайд этилди.

Сенаторлар ушбу норма бутун Конституция мазмунига сингдирилганини таъкидлади. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилайди.

Шу билан бирга, инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда.

Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди. Давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади. Инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.

Лойиҳада “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари борасидаги нормалар қарийб 3,5 бараварга кўпаймоқда.

Хусусан, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, ҳар бир шахс ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги, ушбу ҳуқуқнинг чекланиши ва турар жойда тинтув ўтказишга фақат суд қарорига асосан йўл қўйилиши ҳақида жиноят процессида шахс дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамловчи норма киритилмоқда.


ЎзА