“Ўзархив” агентлигида тизимдаги архив муассасаларида фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида “Архив маликалари” республика кўрик-танлови ва ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш, шунингдек, агентлик тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва соҳага оид билимларини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги давлат архивлари ҳамда Ўзбекистон миллий архивлари раҳбарлари ва ходималари иштирок этди.

“Архив маликалари” республика кўрик-танлови 4 та асосий шарт бўйича ўтказилиб, унда архивчи ходимлар соҳага инновацион лойиҳаларни жорий этиш, ҳар қандай шароитга креатив ёндашиш, стресс ҳолатидан тез ва ижобий чиқиб кетиш, архив иши ва ахборот технологияларига оид ҳуқуқий саволларга жавоб бериш ҳамда ижодий қобилиятларини намойиш этиш имкониятларига эга бўлди.

Тадбир доирасида “Гендер тенглик – мазмун ва моҳият ҳамда истиқболдаги натижалар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда ҳимоя ордерининг аҳамияти тўғрисида сўз юритилди.

Шунингдек, ҳар бир тизимда гендер тенгликни таъминлаш бўйича Гендер комиссияси, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилаётгани ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.


Гулноза Бобоева, ЎзА