Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Унга кўра «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилига мувофиқ ёшлар ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилиш тизими жорий этилади. Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари билан биргаликда шакллантирилган рўйхатлар асосида ўн нафар уюшмаган ва муаммоли ёшлар нуронийларга бириктириб чиқилади.

Бой ҳаётий тажрибага эга зиёли, ҳунарманд, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари бўлган нуронийлар ҳудудлардаги барча таълим муассасаларига бириктирилади.

Оилалардаги аҳиллик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида муаммоли оилаларнинг ҳар бирига «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг бир нафардан аъзолари бириктирилади.

«Бир нуроний – ўн ёшга масъул» тамойили ҳамда «Нуроний – ҳар бир оилага масъул» лойиҳаси асосида фаолият олиб борган ва ижобий натижаларга эришган нуронийларни Жамғарма маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб бориш тизими жорий этилади.

“Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” ва «Кексалар маслаҳати» гуруҳи нуронийларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид қонунчилик ҳужжатлари, Давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши;

аҳолининг ижтимоий соҳадаги муаммолари, жумладан озиқ-овқат ва дори-дармон нархларининг сунъий оширилиши ҳамда мактаблардаги ўқувчилар давомати, тадбиркорлик фаолияти, бандлик, томорқадан фойдаланиш ва бошқа йўналишлардаги муаммоларининг ҳал этилиши;

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида олиб борилаётган ишлар;

мактабгача ва мактаб таълими тизими муассасаларида «Иккита тил ва бир касб» тамойили асосида олиб борилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлигини назорат қилиб боради.

Қарорда нуронийларнинг жамиятда тутган ўрни, улар меҳнатини қадрлаш борасида ҳам алоҳида бандлар бор.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда ўтган йиллар давомида кекса – нуронийларимиз иштирокида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар натижасида 155 мингга яқин профилактик ҳисобда турган ёшларнинг соғлом турмуш тарзига қайтиши, 22 мингдан ортиқ оилалар ажримининг олди олиниши ҳамда 3 мингдан ортиқ нотинч оилаларнинг яраштирилиши ҳам кўрсатиб ўтилган.

                                                                                              ЎзА