Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига унинг доимий фойдаланишида бўлган яйлов ерларида ўсадиган ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигидан махсус фойдаланиш ҳамда уни Ўзбекистондан олиб чиқиш учун рухсатнома бериш ваколатини назарда тутувчи ўзгартишлар киритиляпти.

Шунингдек, Солиқ кодексига Яйлов хўжаликларини ривожлантириш уюшмаси субъектларида фаолиятини амалга ошираётган мавсумий ишчилар томонидан 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича ижтимоий солиқ тўланишини, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг ипак қурти уруғини ва пиллани етиштиришдан, пиллани қайта ишлашдан, тайёр ипак маҳсулотлари ва ипакчилик тармоғи учун ёрдамчи материаллар (пилла ўраш учун сунъий тутқичлар) ишлаб чиқаришдан олинган даромадлари айланмадан олинадиган солиқ тўловидан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, бугун ички ва ташқи бозорда кавракка бўлган талаб ошиб бормоқда. Аммо бу доривор ўсимликнинг табиий тарқалган майдонлари борган сари қисқармоқда. Юртимизда 2015 йилда 54 минг гектар ер майдонида каврак ўсган бўлса, ҳозирда бу майдон 13,5 минг гектарга қисқарган. Шу боис ушбу ўсимликни маданий усулда кўпайтириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини кенгайтириш лозим. Қолаверса, ёввойи ҳолда ўсувчи кавракнинг табиий захираларини сақлаб қолиш, уларнинг тикланишини таъминлаш, кавракнинг маданий плантацияларини яратиш зарур.

Бу борада мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган масалалар муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши каврак ўсимлигининг табиий захираларидан оқилона фойдаланилишини ва уларнинг тикланишини таъминлашга хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА