Мамлакатимизда ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасига замонавий инновацион технологиялар, қурилишдаги янгича ёндашувлар жорий этилмоқда. Жумладан, соҳани трансформация қилиш ва рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда эса хориж тажрибаси асосида мутахассисларнинг малакасини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан мазкур йўналишда бир қатор хорижий давлатлар, шу жумладан, Жанубий Корея билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда. Кореянинг “K-Water” Академиясида “Ўзбекистон сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида салоҳиятни ошириш” мавзусида ўтказилаётган ўқув курслари ҳам мазкур ҳамкорликнинг амалдаги самарасидир. Унда “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналари ходимлари ҳамда тегишли олий таълим муассасаларининг ўқитувчи-профессорлари иштирок этмоқда.

Ўқув курслари ўзбекистонлик мутахассисларнинг соҳага оид назарий билим ва кўникмаларини ошириш, Жанубий Кореянинг сув таъминоти соҳасидаги тажрибаси билан таништиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Академия вице-президенти Дже Чан Юн ўзбекистонлик меҳмонларни қутлаб, ушбу ўқув дастури кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистонлик мутахассислар ушбу ўқув дастурида иштирок этиш имконияти тақдим этилгани учун кореялик ҳамкасбларига миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз ҳудудларида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига бағишланган тақдимотлар ўтказди.

Ўқув курслари доирасида назарий машғулотлар билан бирга қатор ичимлик ва оқова сув иншоотларига ташриф буюриш ҳам кўзда тутилган.

Нилуфар Бозорова, ЎзА