“Astrum” IT Академиясида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва IT-Park ҳамкорлигида ташкил этилган «Tumaris.Expo» Марказий Осиё стартап кўргазмасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аёл тадбиркорлари бошчилигидаги 20 га яқин инновацион-технологик стартап лойиҳа тақдим этилди.

2022 йил февраль ойида Марказий Осиёда ишга туширилган йирик лойиҳа – “Tumaris.Tech” дастурида ахборот технологиялари соҳасида ишлаётган қизлар учун хакатоннинг 2-босқичи ўтказилади. Хакатондан ташқари йил давомида ташкилотчилар дастур иштирокчиларига инкубация ва акселерация дастурлари орқали муайян ғояни юқори сифатли бизнес маҳсулотига айлантиришда ёрдам бердилар. Ҳар томонлама қўллаб-қувватланган лойиҳалар кўргазмада намойиш этилди.

Қайд этилишича, “Tumaris.Tech” тадбиркор аёлларга бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш учун зарур кўникма, билим ва ресурс бериш орқали уларни IT соҳасига жалб этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Лойиҳа замирида минтақада барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий ривожланиш ва гендер тенгликни таъминлаш мақсади ҳам ётибди. Айни жараёнда 2020 йилдан бошлаб USAID кўмагида 70 га яқин маҳсулот прототипи яратилиб, инкубация ва акселерация дастурлари орқали янада ривожлантириш учун 115 та бошланғич лойиҳа танланган.

– XXI аср кўплаб касбларда гендер чегарасини йўққа чиқармоқда, – дейди USAID Ўзбекистондаги миссияси ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассиси Санобар Худойберганова. – Илгари асосан эркаклар банд бўлган IT соҳасида бугун хотин-қизларимиз ҳам юқори натижага эришмоқда. Жумладан, “Tumaris.Tech” лойиҳаси ҳам Марказий Осиё қизларини минтақавий аёллар IT ҳамжамиятига бирлаштириш, жамоада мураббийлардан кўмак олиш, лойиҳани бошлаш учун яхши имконият яратади. Жараёнда иштирокчиларнинг бизнес ҳақидаги тушунчаси ошади, уларда энг мураккаб ғояларни ҳам ҳаётга татбиқ эта олиш учун билим ва кўникма шаклланади, сунъий идрок ва электрон тижорат соҳасидаги тенденция ҳақида маълумот ҳосил бўлади.

Гўзал Сатторова, ЎзА