Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳолати ўрганилмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги пудратчи ва буюртмачи ташкилотлар, сектор раҳбарлари ҳамда қурилиш соҳасига бевосита масъул бўлган идора ва ташкилот раҳбарларига олиб борилаётган қурилиш ишлари сифатини яхшилаш, қурилиш объектларини ўз муддатида фойдаланишга топшириш, соҳадаги давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш юзасидан тегишли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар давомида асосий эътибор давлат дастурлари ижросини сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминлашга қаратилган ишларни тизимли ташкил қилиш, ажратилган бюджет маблағларининг талон – торож қилинишига йўл қўймаслик, соҳадаги мавжуд қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, қурилиш соҳасида давлат дастурлари ижросига бевосита масъул бўлган идора ва ташкилот раҳбарлари, бюртмачи ҳамда пудратчи корхоналар масъулиятини янада оширишга қаратилди.
Маълумот ўрнида, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жорий йилда қиймати 1 триллион 267 миллиард сўмлик 444 та қурилиш – таъмирлаш лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Мазкур лойиҳаларнинг 119 таси инвестиция дастурлари доирасида, 289 таси маҳалла ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш йўналишида, 36 таси “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши йўналишида амалга оширилади.
Бундан ташқари, дастурларга киритилган қурилиш объектларига ортиқча иш ҳажмлари ва қурилиш материалларини мувофиқлаштириш ҳисобига маблағларни иқтисод қилиш, қўшимча қурилиш лойиҳаларига ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири