Пойтахтимизда «Картель келишувларга ҳамда давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига қарши самарали курашиш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамкорлигида «Рақобатбардошликни таъминлашнинг адолатли бозор шартлари» лойиҳаси доирасида ташкил этилган халқаро конференцияда хорижлик экспертлар, юртимиздаги вазирлик, ташкилот, давлат органлари масъуллари иштирок этди.
Мамлакатимизда товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун тенг имкониятлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун тенг имкониятлар яратиш тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи идоралар, миллий ва халқаро ташкилотларнинг самарали ҳамкорлигига боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, давлат харидлари жараёнидаги ҳамда товар ва молия бозорларидаги картель келишувлари ва тил бириктириш ҳолатларининг мавжудлиги тадбиркорлик субъектларининг эркин ривожланишига, соғлом рақобат муҳити шаклланишига салбий таъсир кўрсатади.
Халқаро конференцияда Ўзбекистонда картель келишувларга, давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига қарши рақобат қонунчилигини кучайтириш ва қўллаш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, жамоавий ҳаракатларни таъминлаш, унда мавжуд имкониятлар ва муаммолар, истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Халқаро экспертларнинг рақобатни ривожлантириш, монополияга қарши курашиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашилди. Қўмита тизимидаги ходимлар ҳамда давлат харидларида масъул орган вакилларининг соҳаларга оид назарий ҳамда амалий кўникмалари оширилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА