Президент Шавкат Мирзиёев Жарқўрғон туманидаги “Камола Камолбек Қуюн” фермер хўжалигида бўлди.
Хўжаликнинг ер майдони 45 гектар. Жорий йилда ғалладан 70, пахтадан 40 центнердан ҳосил етиштириш мўлжалламоқда. 35 киши доимий ва мавсумий иш билан таъминланган.
Давлатимиз раҳбари экинлар ривожини кўздан кечирди, ғалла ва ғўзанинг нави, ҳосилдорлиги билан қизиқди.
– Нима учун қишлоқ хўжалигида илм, инновация керак, деяпмиз? Аввало сифат ва ҳосилдорлик учун. Юқори даромад олишни хоҳлаган фермер илм билан меҳнат унумдорлигини оширишга ҳаракат қилиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш учун ишсиз аҳоли вакилларига ер берилмоқда. “Камола Камолбек Қуюн” фермер хўжалигида ҳам ижтимоий дафтарларга киритилган 34 нафар фуқарога 20-25 сотихдан ер ажратилган. Улар кўкат, картошка, пиёз, сабзи ва бошқп экинлар экиб, яхши даромад олган. Жорий йилда ҳам қўшимча 18 нафар фуқарога деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун 30 сотихдан ер майдонлари ажратилиши кўзда тутилган.
Президент шундай ер эгалари билан суҳбатлашди.
– Аҳолига ер берилиб, уруғ, ўғит масалаларида ҳам ёрдамлашилмоқда. Фақат меҳнат қилиш қоляпти. Агар ҳар бир оила ўзи ҳаракат қилиб, ҳаётида ўзгариш қилса, камбағаллик ҳам, изсизлик ҳам бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Сурхондарё иқлимида 3 мартагача ҳосил олиш мумкинлиги, аҳолига кўмаклашиб, даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.