Давлат органлари ва ташкилотларида кадрларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан брифинг ташкил этилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова vacancy.argos.uz фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Порталга 2021-2022 йиллар давомида 68 давлат органи ва ташкилоти ҳамда 208 туман ва шаҳар ҳокимликлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари кесимида — 14 минг 412 ташкилот) уланган.

2021-2022 йиллар давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан вакант лавозимлар учун 140 минг 700 танлов эълон қилинди. Танловларда 1,3 миллион нафардан зиёд номзод иштирок этди. 45 минг 349 нафари танлов ғолиби бўлди ва вакант лавозимларни эгаллади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг vacancy.argos.uz порталида айни пайтда давлат органлари ва ташкилотларидаги 240 дан ортиқ бўш иш ўринларига очиқ танловлар эълон қилинган.

2023 йил 1 январдан бошлаб янги тартибга кўра, вакант лавозимга аризаларни қабул қилиш муддати 5 кун этиб белгиланди.  Бунда тегишли бўш иш ўринлари кун давомида эълон қилиш учун тайёрланади. Танлов эълон қилинганидан кейин номзодлар фақатгина соат 23:59 дан сўнг ариза юбориши мумкин.

Танловларни ўтказиш уч босқичда ташкил этилади. Булар номзодларнинг аризаларини тегишли малака талаблари бўйича ўрганиш; тест синови (4 та йўналиш бўйича — сиёсий-ҳуқуқий, маънавият, ахборот технологиялари ва иқтисодий билимлар); суҳбатдан иборат.

Ташкилотлар томонидан танловларни ўтказиш учун ходимлардан иборат танлов комиссияси тузилади. Танловнинг малака талабларини ўрганиш босқичида вакант лавозимларга қўйилган аниқ критериялар асосида номзодлар сараланиб олинади.

Тест синови босқичи test.argos.uz платформасида агентликнинг ҳудудий филиалларида марказлашган ҳолда ўтказилади.

Суҳбат босқичи давлат органлари ва ташкилотларида ташкил этилган танлов комиссиялари томонидан савол-жавоб тарзида ўтказилади.

Н.Абдураимова, ЎзА