Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Шўрахон” овул фуқаролар йиғинида Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланди. Байрам тадбирида туман ҳокими Р.Шамуратов юртдошларимизни янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрами билан қутлади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 мартдаги “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилди. Жорий йилги байрам “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонланмоқда.

Байрам арафасида ҳудудни яшилликка буркаш, табиатни асраш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали кўчатларни экиш ишлари амалга оширилди. Ушбу хайрли ишларда овул фуқаролар йиғини аҳолиси, хусусан, ёшлар фаол иштирок этмоқда. Карнай-сурнай садолари остида бошланган байрам тадбирида миллий таомлар кўргазмаси ташкил қилинди. Ҳудуддаги ёшлар, хушовоз хонандалар томонидан тайёрланган байрам дастури миллий рақслар, куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига манзур бўлди. Қўчқор уриштириш, арқон тортиш, миллий кураш каби миллий ўйинлар ғолиблари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Дошқозонда қайнаётган баҳорий шифобахш таом сумалак атрофида онахонлар томонидан айтилган ривоятлар  жамалак соч қизчаларнинг ёдида бир умрга муҳрланиб қолиши шубҳасиз. Юртимизнинг ҳар бир хонадонида баҳор фасли, Наврўз шукуҳи кезмоқда. Демак, байрамлар давом этади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири