Эрон Ислом Республикаси расмий нашрлари – “iranpress.com” ва “irna.ir” саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегациянинг ушбу давлатга сафари тафсилоти кенг ёритилди.
Мақолаларда Ўзбекистон вакиллари ташриф доирасида Эрон Президенти Иброҳим Раисий томонидан қабул қилингани урғуланиб, мамлакат раҳбари сўзидан иқтибос келтирилади: “Икки давлат ўзаро алоқани ривожлантириш учун яхши чоралар кўрди, муносабат даражасини кўтариш учун энди янада кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак”.
Муаллифлар Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Абдуллоҳиён, йўл ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпўш, саноат, кон ва савдо вазири, Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси Ризо Фотимий-Амин билан учрашувни, музокараларда сиёсат ва дипломатия, савдо ва инвестиция, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболи кўриб чиқилганини таъкидлашган. Томонлар жорий йил ўтказилиши режалаштирилган қўшма тадбирларга тайёргарлик жараёнини муҳокама килгани, иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш йўлида транспорт-коммуникация имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги юзасидан фикр алмашилгани қайд этилган.
Нашрлар Эроннинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган бизнес-форумга ҳам тўхталиб, фармацевтика, тиббий асбоб-ускуна ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масаласи кўтарилганига алоҳида эътибор қаратган.
Ўзбекистон делегацияси Теҳронда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозирий билан ҳам учрашув ўтказган. Музокара чоғида ИҲТ маконида минтақавий ҳамкорликнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА