Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан ҳокимликларда очиқликни таъминлаш масаласи алоҳида ўрин олган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари ўзларининг расмий веб-сайтларида маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириши белгиланган.
Хўш, фармон ижроси қандай бажарилмоқда?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан фармон ижроси ўрганилиб, таҳлил қилинди.
– 2022 йилда 8 вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур маълумотлар белгиланган тартибда жойлаштирилгани ҳамда 6 ҳудудда эса фармон талаблари бажарилмагани аниқланди, – дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати ходими Феруза Миркомилова. – Вилоятлар маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмининг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар Навоий, Бухоро, Хоразм ва Сирдарё вилоят ҳокимликлари томонидан очиқ ва шаффоф тарзда батафсил кўрсатилган.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах вилояти ҳокимликлари фармон талабларини ижро қилишда унинг соҳалар кесимида сарфланиши тўғрисидаги маълумотларни очиқлаш билан чекланилган.
Масалан, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан эълон қилинган маълумотларда маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан 623,9 миллиард сўм маблағнинг соҳалар кесимида сарфланиши акс эттирилган. Харажатлар таркибида бошқа харажатлар улуши (35 фоиз) энг катта бўлиб, уларнинг айнан қайси мақсадларга сарфлангани кўрсатилмаган.
Бундай ҳолатни Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан эълон қилинган маълумотларда ҳам кузатиш мумкин. Яъни, харажатлар таркибида бошқа харажатлар улуши 25,4 фоизни ташкил этиб, уларнинг айнан қайси мақсадларга сарфлангани очиқланмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши томонидан маҳаллий бюджетнинг режадан (2022 йил 2-3-4-чораклар бўйича) орттириб бажарилган қисмидан (215,5 миллиард сўм) фойдаланилгани тўғрисида маълумотлар жойлаштирилган бўлса-да, 2022 йил 1 январь ҳолатидаги эркин қолдиқ маблағлари ва 1-чоракда шаклланган маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар очиқланмаган.
Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари томонидан очиқ эълон қилиниши мажбурий этиб белгилаб қўйилган маълумотлар расмий веб-сайтга жойлаштирилмаган.
Ваҳоланки, Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Е-qaror.gov.uz ягона электрон тизимига жойлаштирилган қарор ва фармойишлар ўрганилганда 2022 йил давомида маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ва орттириб бажарилган қисмидан жами 415 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани аниқланди.
Ёки Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан Е-qaror.gov.uz ягона электрон тизимига жойлаштирилган қарор ва фармойишлар ўрганилганда 2022 йил давомида маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ва орттириб бажарилган қисмидан жами 337 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани маълум бўлди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет харажатларининг 1 октябрь ҳолатидаги ижроси ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалар ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган бўлиб, фармонда назарда тутилган маълумотлар очиқланмаган.
Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлари ва харажатлари акс эттирилган бўлиб, ушбу маълумотлар ҳам 2022 йил 3-чорак маълумотларидан иборат.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан эса фақатгина маҳаллий бюджетнинг даромадлари ва харажатлари очиқланган.
Хўш, нега айрим ҳокимликлар Президент фармони ижросини тўлиқ бажармаяпти? Ёки очиқланиши керак бўлган маълумотлар нега яширилди?
Норгул Абдураимова,
ЎзА