Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов Кореяда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқаролар ўртасида ўтказиладиган «EPS-Topik UBT» тест синовлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, 2023 йилда ташкил этиладиган EPS-Topik тест имтиҳонида иштирок этиш мақсадида жорий йил 6-9 февраль кунлари “labormigration” дастурий мажмуасида 24 минг 942 нафар номзод рўйхатдан ўтган. Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан тақдим этилган рўйхатга асосан номзодларнинг 9 минг нафари учун корейс тилидан EPS-Topik тест имтиҳони жорий йил 14 мартдан 7 апрелгача бўлиб ўтади. Рўйхатдан ўтган қолган номзодлар учун ўтказиладиган тест имтиҳони тўғрисида маълум қилинади.
Имтиҳон Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани Лутфикор кўчаси 33-уйда ўтказилади. Номзодлардан хорижга чиқиш паспорти, 3,5 х 4,5 ҳажмдаги оқ фонли ва рангли 2 дона фотосурат каби ҳужжат ва маълумотлар талаб этилади. Хорижга чиқиш паспортини олиб келмаган, белгиланган сана ва вақтдан кеч қолган номзодлар имтиҳонга киритилмайди.
Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати шартларига кўра, EPS-Topik тест имтиҳони такрор ёки қайта аппеляция тарзида ўтказилмайди. Шунингдек, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига мувофиқ, EPS-Topik тест имтиҳони қоидаларини бузган фуқаро 3 йил давомида тестда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА