Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 16-20 октябрь кунлари Самарқандда БМТ Жаҳон туризм ташкилоти – UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессиясини юқори даражада ўтказишга доир қарор қабул қилинди.

Ҳужжатда Самарқанд шаҳрида ушбу анжуманни юқори даражада ташкил этиш, шунингдек Шаҳрисабз шаҳрининг “2024 йил Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” мақомини олишига доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда тадбирни юқори даражада ўтказиш учун зарур бўладиган чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, Бош ассамблея доирасида юртимизга ташриф буюрадиган хорижлик меҳмонлар учун Самарқанд ҳақидаги умумий маълумотлар акс этган махсус қўлланма яратиш режалаштирилган. Қолаверса, қарорда “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик маркази ва маданий мерос объектлари, туризм, экотуризм инфратузилмаси ҳамда халқимиз ҳаётини акс эттирувчи фото ва видео материаллар, “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” ва бошқа мавзулардаги тарғибот материалларини тайёрлаш ҳамда кенг тарқатиш кўзда тутилган.

Сессияда юртимизнинг қадимий шаҳарларидан бири – Шаҳрисабз шаҳри “2024 йил Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” мақомини олиши учун номзод сифатида тақдим этилади.

Ўзбекистон UNWTO Бош ассамблеясининг 25-юбилей сессиясига мезбонлик қилиш ҳуқуқини тузилманинг 2021 йил Испания пойтахти Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган 24-сессиясида қўлга киритган эди.

ЎзА