Ҳеч бир ўзбек оиласини фарзандсиз тасаввур этиб бўлмайди. Фарзанд оилаларнинг бахтиёр, фаровон яшашини таъминловчи кучдир. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу-мақсад ва интилиш билан яшайди.

Болаларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Конституциянинг 65-моддасига ўзгартишлар киритилмоқда.

Жумладан, фарзандлар ота-онасининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар қонун олдида тенгдир. Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг бурчидир, деган норма киритилмоқда.

Ота-оналарга фарзандларни боқиш ва тарбиялаш мажбуриятидан ташқари, уларнинг таълим олишини, соғлом бўлишини таъминлаши сингари мажбуриятлар ҳам юклатилмоқда.

Давлат эса фарзандларимизнинг соғлом ўсиши, рақобатбардош касбларни эгаллаши учун молиявий жиҳатдан ёрдам бериш борасида мажбуриятларни оляпти.

Янги норма билан ота-оналар қаторига уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳам киритилмоқда. Хусусан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялаш мажбурияти, шунингдек, уларнинг таълими, соғлом, тўлақонли ва уйғун камол топишини таъминлаш мажбурияти белгиланмоқда.

Айрим ҳолларда масалан, болаларнинг қариндошлари: ота-оналарининг укалари, турли хил шахсларга ўрнатилган тартибда янги қонун доирасида рухсат олингандан кейин уларга ота-она ўрнини босувчи мақоми берилади.

Aлбатта, бу жараёнларда улар болалар олдидаги бурчини бажариши керак. Бу мажбурият ҳисобланади.

Aйтиш керакки, Конституцияга киритилаётган мазкур нормалар Ўзбекистонда оила ва фарзандларга нисбатан ота-оналарнинг дахлдорлик ҳиссини кучайтиради. Боланинг таълим ва тарбия олиши, соғлиғини сақлаш ва уйғун камол топишини кафолатлайди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА