Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Алихонов ва Сенат аъзоси Б.Матмуратов Кегейли, Нукус, Хўжайли туманлари ва Нукус шаҳрида бўлиб, қабул қилинган қарор ва фармонларда белгиланган вазифаларнинг туман ҳудудида бажарилиши ва шу орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб сенаторлар «Қумшунгул» овул фуқаролар йиғини ҳудудида 6 миллиард 159 миллион сўм маблағ ҳисобига янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган 150 ўринли 14-мактабгача таълим ташкилоти иморатида яратилган шароитларни ўрганди. Қайд этиш жоизки, мазкур муассасада болажонлар учун барча қулайликлар яратилган. Бугунги кунда ушбу масканда 132 нафар болажон малакали ва етук мутахассислар томонидан тарбияланмоқда. Муассаса масъуллари билан ўтказилган мулоқотда уларнинг фикр ва таклифлари тингланди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Кегейли туманига бириктирилган Андижон вилояти тадбиркорлари томонидан “Оқтуба” овул фуқаролар йиғинида 1 гектар ер майдонида янгидан барпо этилган “Aqtuba textil group” корхонаси фаолияти билан танишилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллиард сўм бўлиб, 500 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирги кунда 400 нафарга яқин хотин-қиз иш билан таъминланди. Лойиҳа йилига 2,4 миллион дона трикотаж маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона томонидан Россия билан бир йиллик шартнома имзоланган. Бугунги кунда эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари тикилмоқда.

Шунингдек, ишчи гуруҳ Нукус туманидаги “NUKUS AGRO FISH” масъулияти чекланган жамиятининг балиқчилик кластери фаолияти билан  ҳам танишди. Интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослашган ушбу корхонанинг умумий ер майдони 11,7 гектарни ташкил этади. Шундан  0,23 гектар замонавий ёпиқ турдаги балиқ етиштириш ва уруғлантириш лабораторияси, 7 гектар очиқ майдонда ҳар хил турдаги балиқлар учун мослаштирилган сунъий кўл майдонларидан иборат. Корхонада умумий қиймати 17,3 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилиб, замонавий балиқчилик кластери ташкил этилган. Лойиҳага керакли асбоб-ускуналар Россия, Италия давлатларидан олиб келинган. Асосан Африка сом лаққа балиқлари етиштирилаётган корхона келгусида маҳсулотларини қайта ишлаб, Қозоғистон, Россия ва қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштирган.  Бу ерда 25 та иш ўрни яратилган.

Сенат аъзолари Нукус шаҳрида “Алланияз Қахраман” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган янги мактаб билан ҳам танишишди. Лойиҳа қиймати 15,4 миллиард сўм бўлган мазкур  мактаб 792 нафар ўқувчига мўлжалланган. Ҳозирги кунда мактабни ишга тушириш учун ўқитувчилар танлови олиб борилмоқда.

Хўжайли туманида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ўрганилди. “Ун ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси доирасида йиллик 50 минг тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга “Хўжайли ун маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти  2021 йил 28 декабрь куни ишга туширилиб, 94 та янги иш ўрни яратилган. Бугунги кунда халқимизга Қозоғистон буғдойидан сифатли ун маҳсулотларини етказиб бериб келмоқда. Ҳозирги вақтда Афғонистон давлатига маҳсулотларни экспорт қилиш мақсадида шартномалар тузиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, йиллик қуввати 1 миллиард 250 миллион сўмлик қизилмия илдизини қайта ишлашдан чиққан чиқиндиларни йиғиш ва ундан гранулалар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 2022 йил 29 ноябрь куни ишга туширилган “FARMERGY” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида янги 12 та иш ўрни яратилди. Бугунги кунда халқимизга қизилмия илдизини қайта ишлашдан чиққан чиқиндилардан сифатли гранулалар (паллет) етказиб берилмоқда. Ҳозирги вақтда Германия давлатига маҳсулотларни экспорт қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Сенаторлар томонидан ўрганишлар давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА