Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 400дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлатлар конституциялари пухта таҳлил этилди. Халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этган янгиланаётган Конституциямизда қатор муҳим янгиликлар ифода этилмоқда.

Хусусан, янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда.

Маълумотларга кўра, тадбиркорликка кенг йўл очилгани ҳисобига сўнгги олти йилда уларнинг сони 6 баравар ошиб, бугунги кунда 2 миллионга етди. Тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлар 26 мингтага, 100 миллион долларга етказганлар эса 220 тага етди.

Лойиҳада мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимизда товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда.

Бу эса иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратади.

М.Комилова, ЎзА