Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 март куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари БАА Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, ушбу мамлакатнинг дўст халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Суҳбатда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо, инвестициялар, инновация ва юксак технологиялар, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон-БАА муносабатларида жадал ривожланиш кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда 240 та қўшма корхона фаолият юритмоқда, лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошди.

Нефть-кимё, озиқ-овқат саноати, инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида, тоғ-кон ва металлургия тармоқларида янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда молиявий-техник ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтиришдан икки мамлакат ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Ўзбекистон ва БАА етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтди.