Ички ишлар вазирлиги академияси таклифига биноан, “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти Авазбек Холбеков академиянинг профессор-ўқитувчилари ҳамда магистрлари учун 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятига бағишланган маърузаси билан қатнашди.

Маъруза аввалида А.Холбеков сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан халқ билан мулоқот қилиш тизимининг самарали йўлга қўйилгани, шу билан бирга, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолашда асосий урғу фуқаролар билан ишлаш маҳоратига қараб белгиланаётганини таъкидлаб ўтди.

Шу боис, жамоатчилик ва аҳоли билан кенг муҳокамалар орқали билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган бу йилги Давлат дастурида ҳам фуқароларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлаб белгилаб берилган.

Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Бунда кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Шунингдек, жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш, жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячининг фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш каби қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Мисол учун, Давлат дастурининг 16-мақсади доирасида белгиланган ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ташкилий-бошқарув фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда транспорт воситасида йўл-ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолатларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш бевосита соҳада фаолият кўрсатаётган профессионал кадрлар салоҳиятига боғлиқ жараён саналади.

Ушбу мақсаднинг узвий давоми сифатида 17-мақсадда судга қадар иш юритишнинг барча босқичида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш назарда тутилган. Бу эса, ички ишлар тизимида фаолият кўрсатиб келаётган ходимлар зиммасига ҳам масъулият юклайди. Шу боис, ички ишлар ходимларнинг доимий равишда Ички ишлар академиясида малака ошириб боришининг йўлга қўйилгани муҳим жараёндир.

ЎзА