Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлари иштирокида Мўйноқ туманига сафар уюштирилди.
Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилдан буён Орол денгизининг суви қуриган тубида яшил қопламалар ва ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Мўйноқ туманига сафар “Ҳоким ота” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ҳоким ота – Сулаймон Бақирғоний зиёрат мажмуасини зиёрат қилишдан бошланди.
Талаба ёшларга мажмуанинг тарихи бўйича қизиқарли маълумотлар берилди. Кўзланган манзилга етиб боргандан сўнг, филиал жамоаси Орол денгизи тарихи музейида бўлиб, у ердаги экспонатлар билан яқиндан танишди. Музей тарихи ҳақида маълумотларга эга бўлишди. Талабалар “Кемалар қабристони” да бўлиб, кема кўргазмаларини томоша қилиш орқали Орол денгизи ўтмиши ва тарихи, унинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишдилар.
Сафарнинг иккинчи кунида асосий мақсадни амалга ошириш учун Орол денгизининг суви қуриган тубига саксовул ниҳолларини экиш ишларида фаол иштирок этишди. Бу ишда талаба ёшларга шу ердаги мутахассислар яқиндан кўмак бериб, саксовул ниҳолларини экиш тартиби бўйича йўл-йўриқларни кўрсатиб туришди.
–Филиал жамоаси билан Мўйноқга ташрифнинг бош мақсади ҳамжиҳатликда шижоат кўрсатиб, саксовул ниҳолларини экиш ишларида ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат, – дейди филиалнинг “Ветеринария ва зооинженерия” факультети декани А.Қаниязов. – Биз талабаларга бундай хайрли ишларда ўрнак бўлишимиз ва уларни ҳам эзгу ишларга бошлашимиз керак, деб ўйлайман. Тадбир давомида иқтидорли талабалар томонидан қорақалпоқ миллий куй ва қўшиқлари маҳорат билан ижро этилиб, катта қизиқиш билан кутиб олинди. Кўчат экиш давомида мана шундай илиқ атмосфера яратилди.
Ёшлар Оролбўйига сафари давомида экологик муаммоларни бартараф этиш ва денгиз тубидан кўтариладиган туз ва қумни тўхтатиб тура оладиган саксовул кўчатларини экиш сингари хайрли ишда елкадош бўлиб, ўз ҳиссаларини қўша олганидан мамнун бўлишди. Шунингдек, улар саёҳатдан замонавий кўринишга эга бўлаётган ва янгиланаётган Мўйноқ ҳақида кенг таассуротлар билан қайтди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири