Мамлакатимизга ташриф буюрган Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси, Президент Администрацияси раҳбари Акылбек Жапаров бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида бўлиб, ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси билан танишди. Ташриф доирасида икки томонлама манфаатли истиқболли ҳамкорлик борасида мулоқотлар олиб борилди.

Хусусан, делегация аъзолари Қўштепа туманидаги “Global textile infinity” тўқимачилик корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонлар “Fergana global textile” пахтачилик-тўқимачилик кластери таркибидаги ушбу тўқимачилик корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёнлари, энг илғор технологиялар ва сифат лабораториялари, ишчи-мутахассислар учун яратилган қулай шароитларни алоҳида эътироф этди.

Таъкидлаш ўринлики, корхонада пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. Шу тариқа хомашё етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб олувчи қўшимча қиймат занжири яратилди. Бу ерда қурилиш-бунёдкорлик, жиҳозлаш ишлари учун 132 миллион евро инвестиция киритилиб, Швейцария давлатидан энг сўнгги русумдаги ускуналар олиб келиб ўрнатилди.

Замонавий корхона йилига 18 миллион метр аралаш мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. 2023 йилда Европа давлатлари ва Хитойга 85 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун корхонада барча ишлаб чиқариш жараёнлари дунёнинг энг илғор стандартлари асосида ташкил этилмоқда.

Делегация аъзолари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш асносида сифат лабораториясида ҳам бўлиб, бу ердаги қулай шароитлар жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беришини таъкидлашди. Ўз навбатида қардош юрт вакилларига корхона мутахассислари томонидан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган пахтачилик-тўқимачилик кластерларининг кенг қамровли фаолияти, пахтадан тайёр маҳсулотгача бўлган иш жараёни хусусида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Қирғизистон Республикаси делегацияси аъзоларига корхонада Европа стандартларига мос маҳсулотлар тайёрлашнинг муҳим жиҳатлари бўйича ҳам айтиб ўтилди. Бу йирик лойиҳа бир нечта босқичларда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги биринчи босқичда фабрикада 1 минг 500 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди. Шу кунларда бу ерда тўқима мато ишлаб чиқариш мақсадида янги лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилишига киришилмоқда. Лойиҳа доирасида вилоятнинг Учкўприк туманида ип-калава ва мато тайёрлаш ҳамда пахтани қайта ишлаш корхоналари тармоғи ҳам фойдаланишга топширилади. Бу кластер корхоналарида жами иш ўринлари сонини қарийб 5 мингтага етказиш имконини беради.

Кластер корхонаси қошида ўқув ва касаначилик маркази ҳам ташкил этилган. Ҳозирда бу ерда корхона учун зарур 4 та йўналишда мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти йўлга қўйилди.

Мулоқотлар жараёнида ишончли, дўстона ҳамкорлик алоқаларини замонавий мезонлар асосида йўлга қўйиш ва ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди ҳамда бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Делегация аъзолари Фарғона туманида жойлашган “Экокерама” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Сантехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур корхонанинг экспорт салоҳияти юқори. Меҳмонлар буни алоҳида эътироф этиб, корхонанинг эртанги истиқболи юксаклигини таъкидлашди. Айни пайтда 400 нафарга яқин ишчи-мутахассислар меҳнат қилаётган корхонада йилига 500 минг дона 27 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили корхона томонидан 2 миллион долларга яқин маҳсулотлар дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилинди.

Корхонадаги ишлаб чиқариш фаолияти билан танишиш чоғида қардош халқ делегацияси аъзоларига Европа стандартлари бўйича ишлаб чиқарилаётган ва асосан хорижга экспорт қилинаётган сантехника маҳсулотларининг тайёрланиш жараёни ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Мулоқотлар давомида ўзаро ҳамкорликда бу каби истиқболли лойиҳаларни Қирғизистон ҳудудида барпо этиш бўйича ҳам таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Қирғизистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Раматов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлик қилди.

 

М.Сулаймонов, ЎзА  

М.Қодиров олган сурат