Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар билан учрашди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон томони февраль ойида Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудларида содир бўлган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва инфратузилмага жиддий зарар етказилгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Ўз навбатида, туркиялик дипломат табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатиш мақсадида Туркиянинг табиий офатдан жабр кўрган ҳудудларига қутқарувчиларни ва катта ҳажмдаги инсонпарварлик ёрдами юборганлиги учун Ўзбекистон раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирди.
Мулоқот чоғида ўзаро савдо ва сармоявий ҳамкорлик ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари сўнгги уч йилда бир ярим баробар, инвестициялар ҳажми эса икки баробар ошди. Томонлар ана шундай ижобий динамикани сақлаб қолиш мақсадида фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкилдади.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги транспорт ва логистика соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ва йўлакларни диверсификация қилиш интенсивлигига юқори баҳо берилди. Шу нуқтаи назардан, жорий йилда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида рейслар сонини кўпайтириш ва янги йўналишлардаги авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди.
Бундан ташқари, томонлар жорий йилнинг иккинчи ярмида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ؘ– Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишнинг ташкилий масалаларини кўриб чиқдилар. Бўлажак тадбир кун тартибини истиқболли шартнома ва келишувлар билан бойитиш учун тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
ЎзА