Шу кунларда Монголия ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов билан учрашувидан сўнг мартабали меҳмон етакчи маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди:
— Ўзбекистон ва Монголия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил бўлди. Шунга қарамасдан, ҳали мамлакатимизнинг ҳеч бир ташқи ишлар вазири юртингизга келмаган эди. Шу боис, дастлаб, илк шундай ташрифни амалга оширганимдан беҳад мамнунлигимни изҳор этмоқчиман.
Бугун ҳамкасбим жаноб Саидов (Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов – таҳририят) билан жуда сермаҳсул, муваффақиятли музокара ўтказдик, деб бемалол айта оламан. Аввало, биз – бутун делегация аъзолари ажойиб ва самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирамиз.
Аслида, икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик салоҳияти жуда юқори. Тўғриси, бизда муҳокама қилиниши мумкин бўлган барча масалаларни тўлиқ қамраб олишга вақт етмай қолди.
Биринчи навбатда давлатларимиз раҳбарларининг ўтган йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида кечган учрашувида эришилган келишувлар ижросини таҳлил қилдик. Бу жараёндаги энг муҳим масалалардан бири Ўзбекистон Республикаси ва Монголия ўртасида Ҳукуматлараро комиссияни тузиш. Мазкур режани биз айнан ушбу ташриф давомида эълон қилиш ва бу ҳақдаги тегишли ҳужжатни имзолаш ниятидамиз.
Шериклигимизнинг асосий йўналишларидан бири саналган қишлоқ хўжалиги ва агро саноат мажмуаси соҳасида, жумладан, тери, жун, кашемир, гўшт ва гўшт маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш имкониятини кўриб чиқдик. Умуман, ишончимиз комилки, иқтисодиёт тармоқлари орасида ўзаро манфаатларимиз кесишмайдиган соҳани топиш қийин.
Албатта, гуманитар ҳамкорликнинг маданият, спорт, туризм каби бошқа қатор йўналишлари ҳам эътибордан четда қолгани йўқ.
Табиийки, мулоқот давомида дунёвий кун тартибига ҳам тўхталдик. Бу борада йирик халқаро ва минтақавий ташкилотлардаги ҳамкорлик, хусусан, мазкур тузилмалар доирасида бир-биримизни қўллашга қаратилган анъанавий ёндашув ва қарашлар тасдиқланди.
Энди ушбу музокарада кўтарилган масалаларни ҳал этиш учун тинмай ишлашимиз керак. Олдимизда ўта муҳим, долзарб вазифалар турибди-ки, айни жараён ҳар икки томондан узлуксиз ва самарадор саъй-ҳаракатни талаб этади.
Масалан, икки мамлакатнинг йирик делегациялари иштирокида Иқтисодий форум ўтказиш кутиляпти. Шунингдек бу йил Монголияда ташкил этиладиган Инвестиция форумига мамлакатингиз вакиллари ҳам таклиф қилинди.
Ўзаро манфаат тўқнашадиган яна бир нуқта, шубҳасиз, туризм. Маълумки, ўтган йил давлатларимиз визасиз тартиб жорий этилиши бўйича келишувга эришган. Бу ҳар икки томонга фуқароларимиз эркин кириб-чиқишини таъминлайди.
Сўзим охирида бутун ўзбек халқига энг эзгу тилакларимни билдирмоқчиман. Қолаверса, шундай ажойиб кунда 8 март – аёлларимиз байрами муносабати билан Ўзбекистоннинг барча хотин-қизларини муборакбод этиб, уларга бахт-саодат, омад тилайман.
Ғайрат Хонназаров,
Носиржон Ҳайдаров (фото), ЎзА