Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтган байрам йиғилишида Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлоновнинг тизимда фаолият олиб бораётган ходимларга йўллаган байрам табриги тингланиб, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлиги йўлида амалга оширган самарали меҳнати, хизмат фаолияти давомида эришган ютуқлари учун бир гуруҳ аёл ходимлар муносиб тақдирланди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси шахсий таркибининг 10 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этиб, улар бугун мамлакатимиз сарҳадларидаги чегара божхона постларида, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ҳамда бошқарма аппаратида самарали хизмат қилмоқда. Божхона органларида хотин-қизлар нуфузини ошириш, гендер тенглик масалаларига қаратилаётган эътибор бугун ўз натижасини бермоқда. Хусусан, ўтган йилда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси катта инспектори Ш.Жуманиёзова Президентимиз фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган бўлса, куни кеча Хўжайли чегара божхона пости катта инспектори Л.Расулова “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланди.
Тантанали йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида хизмат қилаётган аёл ходималар муддатидан олдин махсус унвон, “Божхона хизмати III даражали аълочиси”, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди. Шунингдек, байрам арафасида божхона органлари аёл ходималари ўртасида спортнинг стол тенниси, бадминтон ва шашка турлари бўйича ўтказилган мусобақалар иштирокчиларига эсдалик совғалари берилди.
Эътибор ва эътироф барча хотин-қизларни келгусида ҳамиша ўз интеллектуал салоҳияти, бутун куч ва ғайратини ишга солиб, давлатимиз равнақи йўлида фидоий хизмат қилишига туртки бўлади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири