Мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар “инсон – жамият – давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик.
Конституциявий қонун лойиҳаси билан ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов қуйидагиларни таъкидлади:
— Янгиланаётган Конституциямизнинг лойиҳасида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши ўз аксини топмоқда.
Қонунчилигимизга кўра, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.
Шу пайтгача давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноий ишларни кўриш давомида кўрсатилар эди. Эндиликда фуқаролик ва маъмурий ишларни кўришда ҳам давлат томонидан юридик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади. Бунда ижтимоий реестрга кирган фуқароларга бепул юридик кўмак кўрсатилади.
Мазкур амалиётнинг Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА