Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Қўшма йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилиб, янгиланаётган Конституцияни такомиллаштириш жараёнлари хусусида маълумот берди:

– Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этди. Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушган бўлса, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди, десак тўғри бўлади. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда.

Яъни, амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Шу боис, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳаси номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилди. Аҳолидан келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқдир. Шундан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар лойиҳага киритилган.

Парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам қайта кўриб чиқилди. Бунда Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари ҳамда ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса 14 тадан 18 тага кўпайтирилмоқда, – деди Ж.Ширинов.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳасининг матни куни кеча Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам атрофлича муҳокама этилиб, қўллаб-қувватлангани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилинишига ёрдам беради.

Йиғилишда сўз олган депутатлар, Конституциявий комиссия аъзолари янгиланаётган Конституциямизнинг асосий моҳияти ҳақида тўхталиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.

Қизғин фикр-мулоҳаза ва таклифларга бой тарзда ўтган йиғилиш якунида «Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида»ги қонунга мувофиқ масъул қўмиталарнинг хулосаси қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА