БМТ халқаро ёрдамга энг муҳтож бўлган кам ривожланган мамлакатларда ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солиш орқали барқарор ривожланишни жадаллаштиришга эътибор қаратмоқда.
Қатарнинг Доҳа шаҳрида БМТнинг кам ривожланган мамлакатлар бўйича юқори даражадаги 5-конференциясидан кўзланган мақсад ҳам шу.
Айтиб ўтиш керакки, ҳозирги вақтда 46 мамлакат кам ривожланган мамлакатлар тоифасига киритилган, улардан 33 таси Африка давлатлари ҳисобланади. Ушбу рўйхат аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад, инсон тараққиёти индексидаги ўрни, иқтисодий ва экологик заифлик индексидаги ўрни каби мезонлар асосида ҳар йили янгиланади.
Эътиборлиси, мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Таъкидлаш керак, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда Ўзбекистон бой тажрибага эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг БРМга эришиш бўйича ўзига хос йўлига асос солинди. Мазкур жараёнга давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари бевосита жалб этилди. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар белгиланди. Мана шу мақсадлар ижроси билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 125 вазифа тасдиқланган.
Доҳа конференцияси иштирокчилари 2011 йилда қабул қилинган Истанбул ҳаракатлар дастури қоидаларини баҳолаш, кам ривожланган мамлакатларни халқаро қўллаб-қувватлаш ва бу жараёнга қўшимча ҳаракатларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, кам ривожланган мамлакатлар ва уларнинг ривожланиш бўйича ҳамкорлари ўртасида таркибий ривожланиш муаммоларини ва қашшоқликни бартараф этиш, халқаро миқёсда келишилган барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва кам ривожланган мамлакатлар тоифасидан чиқишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда конференция Президенти, БМТ Бош котиби, Бош Ассамблея раиси, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш раиси, кам ривожланган мамлакатлар гуруҳи раиси, ривожланиш бўйича ҳамкорлар вакиллари ва кам ривожланган мамлакатлар ёшлари вакиллари баёнотлар билан чиқди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева COVID пандемияси, тобора кескинлашиб бораётган глобал зиддиятлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги таҳдидлари, иқлим ўзгаришининг фожиавий оқибатлари БРМнинг тўлиқ бажарилишини янада қийинлаштираётганига урғу берди.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, кам ривожланган мамлакатларнинг саноат ва хизматлар тармоқларига киритилаётган инвестициялар ҳажмини кескин кўпайтириш, бу борада YuNKTAD ва бошқа халқаро ташкилотлар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларининг ягона базасини ва онлайн харитасини шакллантириш зарур. Уларнинг тақдимотларини дунё миқёсида мунтазам ўтказиб бориш, муҳтож давлатлар ташқи бозорларга чиқишида замонавий стандартлар, карантин ва санитария талабларини бажариш, электрон савдо тизимларини ривожлантиришда ҳар томонлама амалий кўмак бериш, кам ривожланган мамлакатларни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш каби таклифлар илгари сурилди.
2022 йил 17 мартда Нью-Йоркда БМТнинг кам ривожланган мамлакатлар бўйича конференциясининг биринчи қисми якунлари бўйича 2022-2031 йиллар учун кам ривожланган мамлакатлар учун Доҳа Ҳаракатлар дастури маъқулланган. Дастурнинг якуний матни БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 1 апрелдаги резолюцияси билан тасдиқланган.
Анжуманда ушбу дастурнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда. Конференция юқори даражадаги тематик давра суҳбатларини ҳам ўз ичига олган бўлиб, ҳар бир сессиянинг қисқача мазмуни конференциянинг якуний ҳисоботида ўз аксини топади.
ЎзА