Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан волейбол бўйича факультетлараро мусобақа бўлиб ўтди.

Олий ўқув юрти касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил этилган мусобақада 10 та жамоа иштирок этди. Барча рақиблари устидан ғалаба қозонган чет тиллари ҳамда қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетлари жамоалари финалда ўзаро баҳслашди. Якуний натижага кўра чет тиллари факультети жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мусобақа ғолиби бўлди.

Тақдирлаш маросимида олий ўқув юрти ректори А.Реймов иштирок этиб, талаба ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаб келаётган профессор-ўқитувчиларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклади. Уларга ёшларга таълим-тарбия беришда ҳамда жамоат ишларида муваффақиятлар тилади.

–Ҳар бир байрам муносабати билан турли кўрик-танловлар, спорт мусобақаларини ўтказиш анъанага айланмоқда, – дейди чет тиллари факультети жамоаси сардори Роза Жақсимова. – Бунинг учун ректоратга, касаба уюшмалари қўмитасига миннатдорлик билдирамиз. Мусобақага яхши тайёргарлик кўрганимиз туфайли ғолиб бўлдик. Ғолиб ва барча иштирокчи жамоаларга касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар топширилди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири