Ҳар беш француздан тўрт нафари Париж Олимпиадаси учун сотувга чиқарилган чипта нархи кутилган баҳодан қиммат, деб ҳисоблайди. Бу маълумот “Winamax” букмекерлик компанияси билан “RTL” медиа гуруҳи томонидан ўтказилган сўров натижасидан кейин эълон қилинди.
Маълумки, икки ҳафта муқаддам “Париж-2024” ташкилий қўмитаси спорт ихлосмандлари учун сотувга чиқарган 3 миллионта билетнинг ҳаммаси ўз эгасини топди.
18 ёшдан катта 1005 нафар киши ихтиёрий иштирок этган. Таҳлил шуни кўрсатдики, французларнинг 82 фоизи Олимпиада чиптаси жуда қиммат, деган. Сўралганларнинг 79 фоизи харид жараёни мураккаблигини таъкидлаган.
Ташкилий қўмита хабарига кўра, иккинчи босқич май ойида бошланадиган жараёнда мухлисларга бир марталик мусобақалар, шунингдек, очилиш ва ёпилиш маросими учун чипта сотиш режалаштирилган.
Ёзги Олимпия ўйинлари чипталарини сотишнинг учинчи, яъни сўнгги босқичи 2023 йил охирида белгиланган. Ташкилий қўмита раҳбари Тони Эстанге “Париж-2024” тадбирларини бевосита томоша қилиш 2012 йилги Лондон Олимпиадасидан қиммат эмаслигини, биринчи босқичда 1 миллион чипта 24 евродан сотилгани, нарх 50 еврогача бўлиши мумкинлигини билдириб, кейинги босқичларда ҳам шундай ҳолат сақланиб қолишини айтиб ўтди.
Сўровда аниқланишича, аҳолининг 69 фоизи Олимпиада Парижда ташкил этилаётганидан мамнун, 64 фоизи эса тўрт йиллик ўйинлар, мислсиз харажат талаб этишига қарамасдан, мамлакат иқтисодиёти юксалишига хизмат қилишни эътироф этган.
Т. Рўзиев,
ЎзА